Сирдарё вилоятида механик эшкак эшиш спорт тури бўйича Ўзбекистон кубогига старт берилди. Мазкур нуфузли мусобақа мамлакат миқёсида ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, спортнинг ушбу техник йўналишини оммалаштириш, шунингдек, иқтидорли ёш атлетларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, Роwинг-cаноэ федерацияси бош котиби Дидрих Вячеслав, МОҚ нинг вилоят ижрочи директори Баҳодирхўжа Эшонов, Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази директори Ифтихор Ўроқов ҳамда соҳа вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Анвар Бўронов иштирокчиларни қутлар экан, мазкур мусобақа мамлакатда механик эшкак эшиш спорт турининг барқарор ривожланиши, профессионал спортчилар захирасини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни тарғиб этишда алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.

Ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан келган 450 нафарга яқин спортчи турли ёш ва вазн тоифаларида ғолиблик учун беллашмоқда. Беллашувлар қизғин ва муросасиз рақобат муҳитида кечаётгани мусобақанинг юқори савияда ташкил этилганидан далолат беради.

Тадбир давомида спортчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси, техник маҳорати, ҳаракатларни аниқ бажариш қобилияти, шунингдек, мусобақа пайтидаги иродавий барқарорлиги батафсил баҳоланмоқда. Энг яхши натижаларни қайд этган номзодлар ғолиб ва совриндор сифатида тақдирланиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига тавсия этилиши кўзда тутилган.
Мутасаддилар таъкидлашича, Сирдарё вилоятида бундай йирик республика мусобақаларининг ўтказилиши ҳудудда спорт инфратузилмаси изчил ривожланаётгани, айниқса, ёшлар ўртасида техник ва сузишга оид спорт турларига қизиқиш ортиб бораётганининг яққол тасдиғидир.

Гулистон шаҳрида 3 кун давом этадиган Ўзбекистон кубоги мусобақалари 25 декабрь куни ўз ниҳоясига етади. Ғолиб ва совриндорлар шу куни тантанали маросимда муносиб равишда тақдирланишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири