Сирдарё вилоятида ташкил этилган Ўзбекистон – Корея бизнес форумида икки мамлакат ишбилармон доираларининг юздан зиёд вакиллари иштирок этди.
Форум аввалида делегация аъзолари Сирдарё туманидаги “Ўзбекистон ва Хитой дўстлик боғи”да вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги фаоллар томонидан кутиб олинди. “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган корхоналар, унда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш жараёни билан таништирилиб, вилоятнинг инвестицивий салоҳияти тўғрисида тақдимотлар қилинди.

Хусусан, ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация учун дастлаб “Peng Sheng” МЧЖ ҚК комплексида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кўргазмаси залида (show room) тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, меҳмонлар “AWP” МЧЖ ҚК томонидан сантехника, “Sirdaryo Universal Oyna” МЧЖнинг шиша идишлар ишлаб чиқариш лойиҳаси, "Wanga Da Group" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг металл конструкциялар, турли ўлчамдаги бурама мих, ҳар хил турдаги пўлат қувурлар ва титан қоришмали электродлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Сўнг Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида форумнинг расмий очилиши бўлиб ўтди.
Форум очилишида ўтган вақт давомида мамлакатларимиз ўртасида шаклланган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирини тушуниш халқаро дипломатик тамойиллар асосида янада ривожланиб бораётганлиги таъкидланди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилинганлиги бежиз эмас, – дейди Ғофуржон Мирзаев. – Чунки Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқларини асрлар давомида қарор топган қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Тарихий илдизлари бор. Бугунги замонавий Самарқанд ҳудудида жойлашган кўҳна Афросиёб шаҳри деворларида VII асрда Кореянинг Когурё сулоласи элчилари ташрифи акс этган суратлар фикримизнинг исботидир. Жорий йилда корейс халқларининг мамлакатимизда истиқомат қилаётганининг 85 йиллиги кенг нишонланади. Республикамизда амалга оширилаётган миллатлараро сиёсат юртимизнинг кўп миллатли халқлари ўртасида тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳити йиллар оша янада мустаҳкамланиб бормоқда.

"B2B" форматидаги учрашувлар ҳар икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги ҳамкорликка қизиқишлари ортаётганини намоён этди. Очиқ, самимий ва ишчанлик руҳида кечган мулоқот давомида томонлар аниқ лойиҳа таклифлари асосида халқаро шериклик истиқболини атрофлича муҳокама қилди.

Анжуман якунида икки томонлама манфаатли келишувларга эришилиб, ўзаро ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА