Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Конрад Аденауер жамғармаси, ўндан ортиқ давлат Конституциявий судлари вакиллари, 30 дан ортиқ экспертлар ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов тадбирни кириш сўзи билан очар экан, Конституциявий суд – мамлакатимиз тараққиёти йўлида мустақил давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этиш билан боғлиқ улкан тарихий жараёнларнинг ёрқин ифодаси эканини қайд этди. Конституциявий суд бугунги кунда мустақил Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлиги ва адолат ғояларининг амалий кафилига айланди. Мазкур суднинг қарорлари Конституция норма ва принципларига бевосита амал қилишга йўналтирилган. Давлат ҳокимиятининг барча тармоқ ва бўғинлари, мансабдор шахсларнинг фаолиятида адолат, қонунийлик, фуқаролар олдидаги юксак масъулият, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига таянган самарали ва одил бошқарув маданиятини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
[gallery-26180]
Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Олий суд раиси Б.Исломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ўринбосари С.Сизов, шунингдек, Туркия, Қирғиз Республикалари Конституциявий судлари, Таиланд Қироллиги Конституциявий судининг раислари табрик сўзларини билдирди.
Халқаро конференция доирасида Таиланд Қироллиги Конституциявий суди томонидан 2026 - 2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши муносабати билан Ассоциациянинг рамзий байроғини топшириш маросими бўлиб ўтди.
– Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси раислигини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига расман топшириш мен учун катта шараф, – деди Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси президенти, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди президенти Накҳарин Мектрайрат. – Ўзбекистон раислигида ассоциация янада мустаҳкамланиб боришига, қонун устуворлигини таъминлашда янада муҳим роль ўйнашига ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ассоциацияга аъзо барча 22 Осиё давлатлари бирлашишига ишонаман.
Тадбирда сана муносабати билан фахрий судьялар, фаол ҳамкор ташкилотлар ва олимлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Халқаро конференция ўз ишини учта сессияга бўлинган ҳолда давом эттирди. Биринчи ялпи сессияда конституциявий ислоҳотлар ва инсон манфаатлари, иккинчи ялпи сессияда конституциявий назорат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳамда учинчи ялпи сессияда конституциявий одил судловни такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига оид маърузалар тингланди.
Тадбирда янгиланган Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратгани қайд этилди. Унда давлат қурилишининг стратегик мақсади ижтимоий давлат қуриш экани белгилаб қўйилган, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашнинг конституциявий асослари мустаҳкамланган.
Конференцияда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш бугуннинг асосий вазифасига айлангани қайд этилди.
Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА