11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни мамлакатимизда меҳнаткаш инсонларнинг фидокорона хизматини қадрлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни эътироф этиш куни сифатида кенг нишонланади.
Бу сана, шунингдек, касаба уюшмалари тизимининг жамият ҳаётидаги ўрни, меҳнат жамоаларида бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги ўзига хос ролини ёдга солади. Шу муносабат билан юртимизда қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” ҳамда касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатимизда 1905 йилда ташкил топган касаба уюшмалари ҳаракатининг илк босқичи, уларнинг тарихий аҳамияти ҳамда бугунги кунда тизимда амалга оширилаётган ислоҳот ва ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
Шундан сўнг бир қатор намунали бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландилар. Йиғилишда касаба уюшмаларининг юртимизда адолатли меҳнат муносабатларини йўлга қўйиш, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги ўрни ҳақида фикр алмашилди.

Бугунги кунда Республика кенгаши томонидан ҳудудларда фаолият юритаётган, шунингдек, янги тайинланган бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари учун ўқув курслари ташкил этилмоқда. Мазкур ўқув курслар доирасида тажриба алмашиш, касаба уюшмалари фаолиятини Устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида йўлга қўйиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иштирокчилар тизимда ёшларни қўллаб-қувватлаш, аёллар фаоллигини кучайтириш ҳамда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган амалий ишларни эътироф этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосарлари Тўхта Бозоров, Ҳусан Бегматов, Марказ директори Шоҳрух Акрамов ҳамда Тошкент шаҳар бирлашган қўмитаси тизим ташкилотларининг бир қатор касаба уюшмаси қўмитаси раислари иштирок этдилар.
Шунингдек, Марказ директори Шоҳрух Акрамов касаба уюшма қўмитаси бошланғич ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлагани ҳамда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши билан ўрнатилган самарали ҳамкорлиги учун ташаккурнома билан тақдирланди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА