Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг иккинчи босқич талабаси Асадбек Ўрунов мамлакатимизга электромобиллар тараққиёти даврини босқичма-босқич олиб кириш устида изланиш олиб бормоқда.

Асадбек Ўрунов - ёпиқ ҳудудлар учун мўлжалланган электромобил ихтироси прототип лойихасида асосий муҳандис сифатида қатнашган. 2021 йил ноябрда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Technoways” технологик ривожланиш  марафони республика босқичида ғолиб чиққан. “Дубай "ЕХРО 2020" халқаро кўргазмаси” йўлланмаси соҳиби. “Innoweek” инновацион ғоялар кўргазмаси совриндори. 2022 йил ўтказилган “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловининг вилоят босқичи ғолиби.

– Экологик тоза автомобил яратиш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётига, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшишни мақсад қилганман, – дейди Асадбек. – Юртимизда изланувчан, ихтирочи ёшлар доимо қўллаб-қувватланади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва университетимиз томонидан янги лойиҳаларни молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилган. Бу биз, ёшларни янада кўпроқ ғоя, таклиф ва ишланмалар устида бош қотиришга ундайди, рағбатлантиради.

Мазкур олий таълим даргоҳида Асадбек сингари иқтидорли, изланувчан, ихтирочи талабалар кўп. Улар ўз интеллектуал салоҳиятини намоён этишлари, назария ва амалиётни бирга олиб боришлари учун университетда барча шароит яратилган.

Мамлакатимизда етук мутахассислар тайёрлаш, уларни жаҳон талаби даражасида билим олиши, қобилиятини ривожлантириши, бир сўз билан айтганда, ўз соҳасининг ҳақиқий устаси бўлиб шаклланишига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Ривожланган давлатлар билан таълим йўналишидаги алоқалар мустаҳкамланяпти. Ўзбекистон – Италия ҳамкорлиги ҳам ана шундай хайрли мақсадга йўналтирилган.

– Италиянинг нуфузли олий ўқув юрти билан машинасозлик ва механика тармоғига юқори малакали кадр тайёрлаш бўйича келишув йўлга қўйилиши алоқаларимизни янги босқичга кўтарди, – дейди Турин политехника университети ректори, техника фанлари доктори Жамшид Иноятхўжаев. – Италиянинг “Politecnico-di Torino” университетининг Тошкентда филиалини очишдан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимиз саноат тармоқлари учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, олий таълим беришнинг замонавий шаклларини ишлаб чиқиш, илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ўқув жараёнига жорий этишдир.Маълумки, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика саноати, архитектура соҳасидаги ташкилот ва корхоналарга юқори малакали мутахассислар тайёрлашда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг ўрни беқиёс. Олийгоҳ 2009 йил “Ўзавтосаноат” AЖ, ҳамда Италиянинг Турин политехника университети билан ҳамкорликда очилди.

Масканда ўқув жараёни Европанинг кредит кўчириш ва жамғариб бориш (European Credit Transfer System) – “ECTS” тизими бўйича инглиз тилида олиб борилади. Талабалар назарий билим ва кўникмани амалий жиҳатдан мустаҳкамлашлари учун ўқув ва маъмурий бино, конференция зали, кутубхона ва маъруза зали, махсус лаборатория, технопарк, метрология ва мехотроника марказлари фаолият юритмоқда. Спорт мажмуаси, бассейн, футбол ва баскетбол майдони замонавий усулда қурилган.

Ҳозир университетда талабалар машинасозлик, автомобилсозлик технологияси, компьютер муҳандислиги, саноатда қурилиш технологияси ва архитектура,  дастурий муҳандислик, архитектура ва дизайн йўналишларида бакалавр босқичида таълим олмоқда.

2022-2023 йилдан бошлаб бакалавриатда Бизнес бошқаруви – менежмент, Саноат ишлаб чиқариш технологиялари каби янги йўналишлар очилиши режалаштирилган.

Тошкенгтдаги Турин политехника университети Италиядаги “Politecnico -di Torino” билан талабалар алмашинувини амалга оширади. Дастур 2-3-босчқичга мўлжалланган бўлиб, талабалар биринчи ёки иккинчи чоракни ушбу таълим масканида ўқиши мумкин. Битирувчиларга икки мамлакат дипломи топширилади. Бундай дипломга эга йигит-қиз дунёнинг ҳар қандай йирик компаниясида ишлай олади.

Ҳамкорлик доирасида автомобилсозлик саноати ишлаб чиқариш тармоқларининг узоқ муддатли ва барқарор ривожланиши, янги ишлаб чиқариш воситаларини амалда татбиқ қилиш, илғор халқаро тажриба асосида юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Ўзавтосаноат” AЖ бошқаруви раиси бошчилигидаги делегация аъзолари жорий йил 2-7 апрель кунлари “Politecnico-di Torino”да бўлишди.

Ташриф доирасида бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори Жамшид Иноятхўжаев, Aндижон машинасозлик институти ректори Умид Турдиалиев ва “Politecnico -di Torino” ректори Гуидо Саракко иштирокида музокара бўлиб ўтди. Вакилларимиз университет ҳудудида жойлашган ўқув ва илмий лабораториялар билан танишди, автомобилсозлик соҳасидаги тадқиқот марказлари ва корхоналар фаолиятини ўрганишди.

Учрашувда эришилган келишувлар асосида автомобилсозлик ва машинасозлик соҳасида мутахассис тайёрлаш мақсадида Италиядан профессор-ўқитувчилар, мутахассисларни жалб этган ҳолда Тошкентдаги филиал таркибида “Саноат ишлаб чиқариш технологиялари” профессионал олий таълим йўналишини очиш кўзда тутилмоқда. 2022-2023 ўқув йилдан бошлаб мазкур бўлим биринчи босқичига 150 талаба қабул қилинади. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб эса худди шундай йўналиш Aндижон машинасозлик институтида ҳам жорий этилади.

Талабалар амалий машғулоти ўқув режаси бевосита саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Натижада битирувчилар ўқишни тамомлагандан сўнг иш жойида қўллаши мумкин бўлган касбий кўникмага эга бўлади.

Бугунги кунга қадар мингдан ортиқ талаба-ёш бу даргоҳни тамомлаб, мутахассислик дипломини қўлга киритди. Маълумки, ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга уларни ўз касби бўйича иш билан таъминлаш ҳам бугунги кунда долзарб масалага айланган. Шу маънода университетни тамомлаган кўплаб ёшлар “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаётгани диққатга сазовор. Бундан ташқари, нефть ва газни қайта ишлаш саноати корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилинган мутахассисларнинг асосий қисмини шу илм маскани битирувчилари ташкил қилади. Эътиборли жиҳати, бу олий таълим даргоҳини тамомлаган кадрларга қурилиш компаниялари ва хорижий корхоналарда ҳам талаб катта. Айни пайт университетни битирганлар “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекэнерго” Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Лукойл”, “Интер инжиниринг”, НКМК, ОКМК корхоналарида юқори лавозимларда фаолият юритмоқда.

Олийгоҳда роботларнинг янги авлодини тақдим этиш орқали турли соҳаларда уларнинг ўрни ва аҳамиятини оширишга эътибор бериляпти. Фаол, изланувчан талабалардан ташкил топган “Nova Robotics” жамоаси  томонидан ўзи ҳаракатланадиган ва сўзларни талаффуз қилиш қобилиятига эга “Nova mini” учинчи авлод роботи ишлаб чиқилди. Ҳозир унинг функцияларини такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Бу қурилма келган меҳмонни кулиб кутиб олади ва кузатиб қўяди. Эътиборлиси, мослама учун ишлатилган  маҳсулотнинг 80 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилган.

Университетнинг яна бир иқтидорли талабаси Исломбек Аламов кўплаб автомашиналар қурилмаси жамланмасидан пойга машинасини яратди. Тўрт йил мобайнида йиғилган бу техника воситасига 3-4 минг доллар миқдорида маблағ сарфланди. Муаллиф айтишича, бу пойга автомобили ўта мустаҳкам ва қулай.

Маълумки, Италия Европанинг энг ривожланган давлатларидан бири. Табиийки, мамлакат бундай натижага эришишида тажрибали, етук мутахассисларнинг хизмати беқиёс. Италия билан ҳамма соҳада, айниқса, таълим, кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтириш келгусида мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан янада ривожланишига, юксак савияли, интеллектуал салоҳиятли ёшларни тайёрлашга замин яратади. Зеро, теран фикрлайдиган, ақл-заковатли, етук кадрлар мамлакатнинг эртанги кунини, тараққиётини белгилайди.

Гўзал Сатторова,

ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон - Италия: Таълим – ҳамкорликнинг устувор йўналиши