
Айни кунларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилаётган “Beijing International Digital Agriculture and Irrigation Technology Expo” кўргазмасида иштирок этмоқда. Тадбирда 800 дан ортиқ йирик қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳасидаги компания ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси кўргазма давомида ўз тақдимотларини ўтказди ва бир қатор хитой компаниялари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, “Beijing Hrunan Technology” компанияси билан сув тежовчи технологиялар ва сувни бошқариш маҳсулотларини жорий этиш, “Tianjin Hongwang” компанияси билан ақлли иссиқхоналар қуриш ва махсус иссиқ қопламалар ишлаб чиқариш бўйича инвестицияларни амалга ошириш, шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг тажриба хўжалигидаги эски иссиқхоналарни замонавийлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, “Rainborn” компанияси вакиллари билан тупроқ мониторинги лойиҳалари, “Shanghai Argist Co.LTD (https://co.ltd/)” ва “Defa Science and Technology” компаниялари билан ҳамкорлик масалалари ўрганилди.
Делегация ташриф режасида Хитойнинг йирик университетлари ва илмий марказлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА