Азалдан юртимиз Шарқ минтақалари билан алоқа ўрнатиб, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий соҳаларда мунтазам ҳамкорлик олиб борган. Асрлар оша давом этган ҳамкорик Хитой билан Ўзбекистон ташқи сиёсатида, иқтисодий савдо айланмасида ўрни беқиёс.
Ўтган йил икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 50 фоизга ортиб, 14 миллиард долларга етиши ҳамда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига умумий ҳажми 14 миллиард доллардан зиёд инвестицияларни киритилиши ҳам сўнгги йилларда олиб борилаётган икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг ижобий натижалари, десак муболаға бўлмайди.

Қайд этиш жозики, дўстона муносабатлар асосида йўлга қўйилган Ўзбекистон – Хитой алоқалари замирида таълим ва илм-фан соҳалари кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда икки минтақа олий таълим муассасалари малакали кадрлар тайёрлаш, халқаро грант ва лойиҳаларни бажариш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда талабалар алмашинуви йўналишларида ҳамкорлик кўлами ошмоқда.
Хитойда ўтказилга таълим форуми ҳам икки давлат олий таълим муассасаларига янги имконият эшикларини очди. Форумда икки мамлакатнинг 150 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирокида кўплаб истиқболли келишувларга эришилди.

Мазкур форум Наманган муҳандислик-технология институти учун ҳам ҳар томонлама манфаатли бўлиб, янги ҳамкорлар топиш ва янги алоқалар ўрнатиш учун ўзига хос қулай муҳит яратиб берди. Институтимиз Хитойнинг Вухан, Донхуа, Зежианг фан ва технологиялар университетлари, Ланчжоу кимё-физика институти ҳамда Шинжиан кимё технологиялар институти билан алоқалар ўрнатиб, талабалар алмашинуви дастури доирасида 50 нафардан ортиқ талаба Хитой олий таълим муассасаларига юборилди, беш нафар илмий тадқиқотчимиз стажировка ўтади ҳамда 20 яқин профессор-ўқитувчимиз малака ошириб қайтди.
Форумда Наманган муҳандислик-технология институти Тианжин халқаро тадқиқотлар университети ҳамда Ланчжоу Жиаотонг, Тиангонг, Нанкин университетлари билан шартнома ва англашув меморандумларини имзолашга эришди. Ушбу олийгоҳлар Хитойнинг нуфузли таълим муассасалари ҳисобланиб, муҳандислик, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, энергетика, кимё, биотехнология, амалий ва ижтимоий фанлар соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳалқаро грантларни бажаришда катта тажрибага эга.

Битимларга асосан мазкур олий ўқув юртлари билан талаблар учун ёзги ва қишки мактабларни ташкил қилиш, “Келажак ТОП 10 илм-фан ва технология лойиҳалари” доирасида материалшунослик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, қуёш панеллари, кимё ҳамда қишлоқ ҳўжалиги соҳаларида тажриба алмашиш, Наманган муҳандислик-технология институтида хитой тили ўқув хонасини ташкил қилиш ҳамда муҳандис кадрларга хитой тилини ўқитиш, ишлаб чиқариш корхоналаридан малакали мутахасисларни жалб қилиш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, илмий лабараториялар ташкил этиш, қўшма илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда профессор-ўқитувчилар малакасини оширишга келишиб олинди.

Мамлакатимизнинг тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги таълим ва илм-фан равнақи билан боғлиқ экан, Хитой каби ҳар томонлама ривожланаётган давлатнинг олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари билан олиб бориладиган ҳамкорлик университет ва институтларимизга янги тажриба майдонини очиб беради ҳамда таълим, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланишга, халқаро миқиёсда олий таълим муссасаларимизнинг иштирокини оширишга хизмат қилади.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
физика-математика фанлари доктори, профессор.
ЎзА.