Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Шу жумладан, олий таълим соҳасидаги мулоқотлар стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил январь ойида Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган давлат ташрифи давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча ҳужжатлар қабул қилинган эди. Ташриф доирасида ўтказилган “Ўзбекистон – Хитой” биринчи таълим форуми эса икки давлатнинг 150 та олий таълим муассасалари ректорларини бир даврага жамлади.
Форумда қатнашган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Хитой Халқ Республикасининг бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик келишувларига эришган эди. Ушбу келишувларни институт имконияти ва таълим йўналишларига мослаган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида институт ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев раҳбарлигидаги делегация Хитойда хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Сафар давомида вакилларимиз Хитойнинг 5 та нуфузли олий таълим муассасасида бўлиб, бир қанча ҳамкорлик келишувлари ўрнатишга эришди. Шунингдек, делегация иштирокида Пекин Ипак йўли маданий алмашинув марказида учрашув ўтказилди.
Дастлаб Тианжин чет тиллари университетида ректор, профессор Ли Йингйинг билан самимий мулоқот ўтказилиб, ҳамкорлик келишуви имзоланди. Шунингдек, ҳамкорликда пьесалар яратиш ва саҳналаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
[gallery-22461]
Таъкидлаш жоиз, ушбу университет юртимизнинг 28 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаган. Умумий ҳисобда эса 60 та давлатдан 350 та олий таълим муассасаси билан алоқа ўрнатган.
Ҳамюртларимиз ушбу олий таълим муассасасида йўлга қўйилган ўқув жараёнлари, талаба ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Кейинги манзил Тианжин санъат ва медиа коллежи бўлди.
Ушбу муассасада ижрочи директор Ли Хиаоҳуа бошчилигидаги олий таълим муассасаси вакиллари билан учрашув ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда амалга ошириладиган турли тадбирлар масаласи муҳокама қилинди, ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Сафар давомида вакилларимиз шунингдек, Тянжин мусиқа консерваторияси, Хебей коммуникация университети, Хитойнинг шимолий-шарқида жойлашган Жилин халқаро таълим университетларида бўлиб, мавжуд алоқаларни ҳамкорлик келишувлари билан мустаҳкамлаш, илмий-ижодий йўналишда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди. Шу билан бирга улар, ушбу олийгоҳларда ўқув жараёнларига тадбиқ этилган замонавий таълим технологиялари билан ҳам яқиндан танишиб, тажриба орттирди.
Делегация вакилларининг Пекин Ипак йўли маданий алмашинув маркази ҳаммуассиси Элли Ма хоним билан учрашуви ҳам самарали бўлди.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 январь куни инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳар бир олий таълим муассасаси олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Учрашувда айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.
Марказ мутасаддилари хитойлик талабалар ҳамда магистрантлар учун Ўзбекистонда ўқишни ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш керак, Пекин Ипак йўли маданий алмашинув маркази таълим соҳасида 20 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият олиб бораётган бўлиб, хитойлик ёшларни АҚШ, Европа ва Осиёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқишини ташкиллаштириш, шунингдек, бошқа давлатлар ёшларини Хитой олийгоҳларида таҳсил олишига кўмаклашиш билан шуғулланади.
Хитойга сафар институтнинг халқаро алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этди.
Камола Юсупова, ЎзА