Божхона қўмитасида Хитой Халқаро тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги вакили Ду Женли бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама техник ҳамкорлик, амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги грант лойиҳаларга доир масалалар муҳокама қилинди.
Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Носиров меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик сўнгги йилларда тобора кенгайиб, мустаҳкам институционал асосларга эга бўлаётганини қайд этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2019–2021 йиллар мобайнида Хитой Ҳукуматининг техник кўмаги доирасида Ўзбекистонга етказиб берилган 5 та йирик инспекцион кўрик мажмуалари ва 20 та ўрта ҳажмли рентген ускуналари ҳозирги кунда Тошкент, Бухоро ҳамда Сурхондарё вилоятларида жойлашган йирик божхона постларига ўрнатилган бўлиб, самарали фаолият кўрсатмоқда.
Учрашув давомида истиқболдаги иккита муҳим лойиҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Хитой Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида имзоланган Англашув меморандуми доирасида қиймати 26 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий ускуналарни етказиб бериш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида делегация вакиллари Божхона қўмитасининг Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташрифнинг амалий қисми сифатида меҳмонлар “С.Нажимов” чегара божхона постига ҳам ташриф буюриб, у ерда жорий қилинган замонавий назорат техник воситалари ва хизмат кўрсатиш жараёнлари билан ҳам танишишди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА