Ривожланган мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юртимиздаги ҳар бир олий ўқув юрти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Халқаро ҳамкорлик жаҳон таълим тизимига интеграциялашувни таъминлаш, жаҳон олий таълим тизими стандартларига яқинлашиш, таълим, илмий, иқтисодий фаолият доирасини кенгайтириш учун зарур шарт-шароит ва норматив базани яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Андижон машинасозлик институтида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда институтимиз Россия, Беларусь, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия сингари дунёнинг ўнлаб давлатларидаги 80 га яқин олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Айниқса, Хитой Халқ Республикасининг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Институтимиз 2018 йилда Шимолий Хитой технологиялар университети билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш ҳамда биргаликда илмий лойиҳаларни тайёрлаш бўйича меморандум имзолаган.
[gallery-15672]
Ушбу меморандумга асосан, 2019 йилда машинасозлик технологияси, мехатроника ва робототехника, сунъий интеллектуал тизимлар ва электрон ахборот муҳандислиги бакалавр таълим йўналишлари бўйича “2+2”, “3+1” ҳамда магистратура йўналишида “1+1” моделлари асосида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Мазкур дастурлар доирасида ўтган ўқув йилида уч нафар магистр ҳамда ўн тўққиз нафар бакалавр таълим йўналишида мутахассислар тайёрланди. Уларга икки олий таълим муассасасининг дипломлари берилди. Бундан ташқари, илмий йўналишда давлат грантлари асосида электротехника, робототехника йўналишларида қатор лойиҳалар самарали амалга оширилди. Ана шу ҳамкорлик доирасида институтимизнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, ўқитиш тизимига халқаро стандартларнинг кириб келиши кўлами янада ортди.
Келгусида Шимолий Хитой технологиялар университети билан ҳамкорликда Андижонда бугунги кундаги долзарб масалалардан ҳисобланган қуёш элементлари, сув ва шамол генераторларидан олинаётган электр энергиясини истеъмолга татбиқ қилиш жараёнида энергия самарадорлигини доимий ошириб боришга хизмат қиладиган махсус SVG қурилмасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Институтимиз нафақат Шимолий Хитой технологиялар университети, балки Пекин технологиялар университети ҳамда Нанкин политехника институти билан ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзолаган.
Ана шу меморандумларга асосан, ўтган икки йил давомида кадрлар тайёрлаш салоҳиятини янада ошириш мақсадида илмий-педагогик ходимларнинг стажировкалари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, аспирантлар, магистрлар ва талабаларнинг тажриба алмашувлари, биргаликда қатор илмий-амалий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, институтимиз қошида Нанкин политехника институти билан ҳамкорликда Хитой тилини ўрганиш ва “Yong Li” техник маркази ташкил этилиб, Luban устахонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Ўтган йилнинг июль ойида ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Нанкин политехника институти делегацияси Андижонда, ноябрь ойида эса институтимиз делегацияси Хитой давлатида бўлиб қайтди.
Икки институт ўртасида ўтказилган учрашувлар давомида қўшма дастурларни кенгайтириш, Булоқбоши туманида фаолият юритаётган цемент ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон- Хитой қўшма корхонасида талабаларнинг амалиёт ўташини йўлга қўйиш, институтда ишлаб чиқариш қўшма корхонасини ташкил этиш, шунингдек, энергетика, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва соҳани янада ривожлантириш, мазкур йўналишдаги илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, келгусида институтда бакалавриат таълим йўналишида (2+2), магистратура йўналишида (1+1) тизими асосида электротехника, электромеханика, электротехнологиялар, муқобил энергия йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурларини очиш, электр автоматлаштириш технологияси ва иссиқлик электр иншоотлари каби ихтисослик йўналишларини трансформация қилиш кўзда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, институтда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига халқаро меъёр ва талабларни жорий этишга хизмат қилмоқда.
Ишонч билан айта оламанки, тараққиёт ва юксалиш йўлида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, хусусан институтимиз ҳамда Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги изчил давом эттирилади. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.
Умиджон Турдиалиев,
Андижон машинасозлик институти ректори.
ЎзА