Инвестициявий ҳамкорлик тез суръатлар билан ривожланмоқда. 2017-2024 йилларда Ўзбекистонга жалб қилинган Хитой инвестициялари умумий ҳажми 24,6 миллиард долларни ташкил этди. Шундан рекорд даражадаги 10,4 миллиард доллари 2024 йилга тўғри келди (+242%). Жорий йил бошидан буён 5,7 миллиард доллардан ортиқ инвестиция (+6%) киритилди. Йил якунига қадар эса 15 миллиард доллардан зиёд инвестиция (+45%) ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда. Фақат 2024 йилнинг ўзида 1,9 миллиард долларлик 64 та лойиҳа ишга туширилган.
Шунингдек, 2025 йил 1-2 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Иккинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Унда 800 дан ортиқ Хитой компаниялари қатнашди. Форум якунлари бўйича 10 миллиард долларлик инвестиция шартномалари ва савдо контрактлари имзоланди.
Бугунги кунда 30 дан ортиқ йирик ташаббус, яъни 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар айнан Хитой мамлакатининг иштирокида татбиқ этиляпти.
Хитой қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида дунёда етакчи ўринни эгаллаб, бу йўналишдаги умумий ишларнинг 80 фоизини таъминлаб келмоқда. Шу боис, мазкур давлат Ўзбекистон учун стратегик ҳамкор ҳисобланади.
Энергетика тизимидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Хитойнинг етакчи лойиҳа институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда соҳани стратегик ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда. Айниқса, бунда Хитойнинг катта тажрибаси мамлакатимиз энергетика соҳаси ривожида муҳим ўрин тутади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XrBdIt3LHsM" title="O‘zbekiston-Xitoy: eng yirik biznes forum" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА