16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни олдидан Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида Экология вазирлиги ва Ўрмон агентлиги ҳамкорлигида “Галофит боғларини илмий асосда ташкил этиш” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги илмий ҳамкорлик ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган янги лойиҳа – “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи” тақдим этилди.
Семинарда Экология вазирлиги ва Ўрмон агентлиги масъуллари, Шиньжон экология ва география институти профессорлари, “Green University” олимлари, “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти, Оролбўйи халқаро инновация маркази, Арнасой тумани ҳокимлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Маълумки, 2025 йил 13 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида Галофит ўсимликлари ботаника боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, мамлакатнинг турли ҳудудларида сувсизлик ва шўрланиш шароитига чидамли галофит ўсимликларидан иборат ботаника боғлари ташкил этилмоқда. Бу ташаббус иқлим ўзгаришига мослашиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим экологик қадам ҳисобланади.
[gallery-26203]
Шу йўналишда Хитой Халқ Республикаси Шиньжон экология ва география институти билан ҳамкорликда 35 турдаги, 1,3 тонна галофит уруғлари Ўзбекистонга олиб келиниб, маҳаллий шароитга мослаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Семинар аввалида “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни очган Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов шундай деди:
– Мамлакатимизда ўтаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида бугун Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ишга туширилаётган “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи” ҳам республикамизда яшиллик даражасини ошириб, икки давлат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди. Туман иқтисодиёти учун муҳим бўлган экотизимни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан кейин ҳам хитойлик ҳамкорлар билан биргаликдаги бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилишига ишончим комил.
Тадбир иштирокчилари галофит ўсимлигининг сувсизлик ва шўрланиш шароитидаги аҳамияти, уни етиштиришнинг илмий асослари ҳамда сув тежамкор технологияларни жорий этиш усуллари билан танишдилар. Шу билан бирга, боғларда амалий кўргазмалар ўтказилиб, тупроқ шўрланишини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида тавсиялар берилди.
Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳолининг, хусусан эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга жалб этилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали янги иш ўринлари яратиш ва даромад манбаларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Арнасойдаги “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи” нафақат янги экологик муҳит, балки халқлар дўстлиги ва бағрикенгликнинг рамзига айланмоқда. Табиатни асраш, инсониятни бирлаштириш ва халқаро ҳамжиҳатлик ғоясини мужассам этган бу лойиҳа юртбошимиз белгилаган “яшил иқтисодиёт” ва “барқарор ривожланиш” тамойилларига тўла мос келади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари