Олий Мажлис Сенатида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Сенат Раиси Т.Норбоева мазкур ташриф икки давлат ўртасида қарор топган яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда янги саҳифа очиш учун катта имконият эканини таъкидлади.
– Ўзбекистон ва Грузия халқларининг миллий урф-одатларида уйғунлик кузатилади, икки халқ ҳам меҳмондўст ва ўз юртига садоқат каби хусусиятларга эга, – деди Т.Норбоева. – Сўнгги йилларда дўстлик ришталари қадимий анъаналарга мос равишда ривожланмоқда. Икки миллат вакилларини ўзаро ишонч туйғулари боғлаб турибди. Тошкентда “Ўзбекистон – Грузия” дўстлик жамияти тузилгани ва “Мегоброба” маданий маркази фаолият юритиши ҳам фикримизнинг тасдиғидир.

Суҳбат чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, шу асосда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Нафақат ҳукуматлараро, балки парламентлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, қонунчиликни такомиллаштиришда тажриба алмашиш, ишга солинмаган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўзаро алоқаларнинг изчиллигини таъминлаши қайд этилди.
И.Кобахидзе Грузия Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди. Юртимизда барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқларни юқори баҳолади. Давлатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳотларнинг ҳаётда ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.

Шунингдек, мулоқотда туризм, иқтисодиёт, электроника, аграр ва транспорт коммуникацияси сингари устувор йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Хусусан, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, янги режаларни белгилаб олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Грузия парламенти раҳбарлари юртимизда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида қатнашишга катта қизиқиш билдираётгани қайд этилди. Келгусида ҳам халқаро майдонда ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА