Гилос – дунё бўйича машҳур ва фойдали мевалардан бири саналади. У витаминлар ва минералларга бой бўлиб, юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилаш, иммунитетни мустаҳкамлаш ва организмни тозалашда муҳим ўрин тутади. Енгил нордон таъмга эга бу мева нафақат шарбат, ширинлик ва консервалар тайёрлашда, балки кундалик истеъмол учун ҳам жуда керакли маҳсулот. Ўзбекистоннинг иқлим шароити гилос етиштириш учун ниҳоятда қулай бўлиб, бу соҳада юртимизда катта тажриба ва кўникма шаклланган.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон 17 та давлатга қиймати 51 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 25,2 минг тонна гилос экспорт қилган. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, мева-сабзавот экспортида гилоснинг ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Гилос экспортини ҳудудлар кесимида баҳолайдиган бўлсак, энг катта улуш Россияга - 18,2 тонна тўғри келади. Рўйхатнинг кейинги ўринларида Қозоғистон – 3,6 тонна, Қирғизистон – 2,7 тонна, Беларусь – 232 тонна, Ироқ – 127 тонна, Бирлашган Араб Амирликлари – 126 тонна, Латвия – 34 тонна билан турибди.
Кўриниб турибдики, Россия бозори Ўзбекистон учун энг йирик ва истиқболли йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистонга етказиб берилган маҳсулот ҳам анча юқори, бу эса минтақавий экспортнинг фаол ривожланаётганини англатади.
Гилос экспорти бўйича эришилган бу кўрсаткичларни бир нечта муҳим омиллар билан изоҳлаш мумкин. Мисол учун, янги интенсив боғлар ташкил этилиши ва қисқа муддатда ҳосил берувчи навлар яратилиши, экспорт инфратузилмасининг ҳам ривожланиши экспортдаги самарадорликни сезиларли оширган. Совутгич сақлаш омборлари, логистика тизимлари, қадоқлаш жараёнларининг такомиллаштирилиши маҳсулот сифатини эскпорт даражасига мос ҳолда сақлашга ёрдам бермоқда. Қолаверса, халқаро талабнинг ошишига яна бир асослардан бири – Ўзбекистон гилосининг табиийлиги, йириклиги ва таъм хусусияти. Шу билан бирга, экспорт бозорларини ривожлантириш, маҳсулотнинг истеъмолчига юқори сифатда етказилишини таъминлаш орқали келажакда бу кўрсаткичлар янада юқори даражага чиқиши кутилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА