Пойтахтимизда “Ўзбекистон энергетика бозори” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Буюк Британиянинг “Confidence Information Services” компанияси ташаббуси ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг кўмагида ўтказилди.
Йиғилишда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, йирик компаниялар раҳбарлари, экспертлар ҳамда инвесторлар қатнашиб, энергетика соҳасидаги долзарб масалалар, глобал тенденциялар ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Қайд этилганидек, анжуманнинг асосий мақсади мамлакат энергетика бозоридаги ҳолатни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни муҳокама этиш ҳамда истиқболли йўналишларни белгилашдан иборатдир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари анжуманда фаол иштирок этиб, маҳаллийлаштириш, импортни камайтириш ва ички ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш борасидаги тажрибасини тақдим қилди. Унда технологик жиҳозлар ва бутловчи қисмлар импортига боғлиқликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, жамиятнинг нефть маҳсулотлари бозоридаги ўрни, ишлаб чиқариш қувватлари, модернизация жараёнлари, логистика тизими ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш стратегияси кенг муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида амалга оширилаётган чуқур қайта ишлаш лойиҳалари ҳақидаги тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, “Astara Trans Service”, “Altyn Trans”, “Oiltech Service”, “G MAX Energy Consulting” каби компаниялар раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, инвестиция лойиҳалари ва мамлакатдаги бизнес муҳити юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, анжуман доирасида энергетика тармоғини янада самарали ва барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар муҳокамасига ҳам урғу берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА