Маълумки, Республикамизда олий таълим муассасалари талаба-ёшлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, университет битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида иш берувчиларни жалб қилиш амалиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўлкамизда хореограф кадрларга бўлган эҳтиёжни босқичма-босқич қондириш ҳамда соҳавий кадрларни, асосан талаба-ёшларни меҳнат бозорида ўз ўринларига мустаҳкам эга бўлишларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат хореография академиясида талабалар учун “Каръера куни” ахборот-таништирув тадбири бўлиб ўтди. Унда турли ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан ўртоқлашди.

– Мамлакатимизда замонавий меҳнат бозорини ривожлантириш, янги иш жойларини барпо этиш ва ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган, -деди мазкур академиянинг ўқув ишлари бўйича проректори Собир Жумаев. – Бугунги “Карера куни”да талабаларимизга 300 га яқин ташкилотлардан келган вакиллар иш таклиф қилишди. Бу албатта қувонарли ҳол.
Ўтказиладиган бу турдаги тадбирлардан ташқари фуқароларни хусусан, ёшларни ўз соҳалари бўйича мавжуд иш ўринларини мустақил излаб топиши ҳамда ишга жойлашиш жараёнларини янада соддалаштириш мақсадида ish2.mehnat.uz каби платформалар ишга туширилган. Ушбу платформаларда юртимиздаги барча ташкилот ва муассасаларнинг вакант (бўш) жойлари ўрин олган бўлиб, бу ёшларга иш топиш ва меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун қўшимча қулайликлар яратади.
Тадбир доирасида иш берувчи вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлар томонидан мавжуд вакансиялар бўйича ахборотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, академия жорий ўқув йилида битираётган талабалар тўғрисидаги маълумотларни иш берувчилар эътиборига ҳавола қилди. Йиғин давомида турли ташкилотлар вакиллари иштирокида “Маҳорат дарслари” ҳам ташкил этилди.
М.Сайфуллаев, ЎзА