Қуйи палата мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Шартномани (Будапешт, 2025 йил 20 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, жиноятчиликка қарши курашда давлатлараро ҳуқуқий ёрдамни йўлга қўйиш ва уни тизимли равишда амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида ушлаб бериш масалалари бўйича амалда шартномавий асос мавжуд эмаслиги икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини чекламоқда.

26 та моддадан иборат мазкур Шартномада жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки уларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш мақсадида ушлаб бериш тартиби, асослари ва шартлари белгиланган.
Шунингдек, ушлаб беришни рад этиш асослари, шахсни топширишни кечиктириш ёки вақтинча топшириш, ушлаб беришни сўраётган шахсга нисбатан дастлабки қамоқ қўлланилиши асослари, шартнома доирасида олинган ҳужжатлар ва маълумотлардан фойдаланишга доир чекловлар кўрсатилган. Шу билан бирга, томонлар ўз фуқароларини ушлаб беришни рад этиш ҳуқуқи ҳам белгиланган.

Ушбу Шартнома кучга кириши натижасида Ўзбекистон ва Венгрия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш самарадорлиги ошади. Шунингдек, жиноят содир этган шахсларнинг жазодан қочиб қутулишига йўл қўймаслик, яъни жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъминланади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА