Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси марказида Беларусь Республикаси Табиат ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси, кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази делегацияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Маросимда соҳа мутасаддилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Беларусь Республикаси делегацияси, экологик экспертлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Меморандум икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва экология соҳасидаги илмий-амалий алоқаларни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган. Унинг асосий йўналишлари атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, давлат экологик экспертизаси жараёнларини такомиллаштириш ва замонавий илмий ёндашувларни амалиётга жорий этиш, Ўзбекистон ва Беларусь экспертлари учун қўшма семинарлар, малака ошириш курслари ва илмий-амалий форумларни ўтказиш орқали тажриба алмашишни кучайтириш, экологик экспертиза жараёнларида рақамли маълумотлар базаси, онлайн таҳлил тизимлари ва инновацион усулларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш, икки мамлакат олимлари ва мутахассислари ўртасида илмий тадқиқот лойиҳаларини, экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, ҳамкорликда экологик нормалар ва қоидалар, стандартлар, услубий ва ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш ва экологик экспертиза ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ташаббуслар доирасида биргаликда иштирок этишдан иборат.
[gallery-25851]
Шу орқали экология йўналишида кадрлар салоҳиятини ошириш, инновацион ёндашувлар ва илмий янгиликларни амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Меморандум доирасида, шунингдек, ахборот алмашинуви, малака ошириш, илмий тадқиқотлар ва экспертлар учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатни амалга ошириш натижасида, мамлакатимиз ва Беларусь давлати ўртасида экологик экспертиза соҳасидаги ҳамкорлик институционал даражада мустаҳкамланади, халқаро экологик талабларга мувофиқлашган норматив-техник ҳужжатлар, стандартлар ишлаб чиқишда илмий-техникавий ҳамкорлик йўлга қўйилади, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизими ривожланади ҳамда икки мамлакат экспертлари ўртасида доимий ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик платформаси яратилади.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, Беларусь делегациясининг юртимизга амалий сафари 23 октябрга қадар давом этади. Меҳмонларнинг Тошкент шаҳридаги Давлат экологик экспертизаси маркази, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва Қўнғирот сода заводига ташрифи режалаштирилган.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА