Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида “Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бадиий академия раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов Янги Ўзбекистонда миллий тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Соҳадаги давлат сиёсати Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аниқ акс этган. Янги тарихий босқичда Тараққиёт стратегиясига Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналиши қўшилди. Унинг 75-мақсадида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтириш, Ўзбекистон халқ рассомлари ва амалий санъати усталарининг намунали ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда улар хотирасини абадийлаштириш, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш каби вазифалар белгиланган.
Жорий йилда тасвирий ва амалий санъат соҳасида яна бир қувончли ҳодиса рўй берди. “Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
“Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишони Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги тегишли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, соҳа ривожида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган соҳа ходимларини рағбатлантириш мақсадида 2024 йилда Бадиий академия томонидан таъсис этилди.
Мазкур кўкрак нишони билан Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва соҳада юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, юксак даражадаги ёрқин санъат асарларини яратиш ҳамда миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган соҳа ходимлари тақдирланади.
“Ўзбекистон Бадиий академияси фидойиси” кўкрак нишони тўғрисидаги Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин.
Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов совриндорларга кўкрак нишонини топширди.
Н.Усмонова, ЎзА