Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ томонидан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси: сифат инфратузилмасини такомиллаштиришда жорий қилинаётган янги аккредитация хизматлари” мавзусида матбуот анжуман бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида маҳаллий товарларнинг хорижга экспорт кўламини ошириш, мамлакатда фаолият юритаётган лабораториялар учун аккредитация хизматларини кўрсатиш учун халқаро стандартларни мамлакатга жорий қилиш вазифаси қўйилган. Бу йўналишда “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ ҳозирги кунда 10 та йўналишда халқаро эътирофга эришган ва яқин келажакда яна 4 та йўналишда халқаро тан олишга эришишни режалаштирган.
[gallery-23764]
Миллий аккредитация тизимида 473 та мувофиқликни баҳолаш органлари халқаро стандартлар асосида аккредитация қилинган. Шулардан 293 таси синов лабораториялари, 93 таси маҳсулотларни сертификатлаштириш, 27таси калибрлаш лабораториялари, 31 таси сифат менежменти тизими, 18 таси инспекция органлари, 2 таси ходимларни сертификатлаштириш, 3таси хизматларни сертификатлаштириш, 2таси малакани текшириш провайдерлари, 2таси тиббий лабораториялар ва 2 таси стандарт намуна ишлаб чиқарувчилардан иборат.
Бугунги кунда миллий аккредитация органи олдида яна 4 та муҳим йўналишлар бўйича халқаро тан олишга эришиш ва бу соҳаларда хизматларни йўлга қўйиш вазифаси турибди.
Шунингдек, ISO 17029 – ис газларини валидация ва верификация қилиш органларини аккредитация қилиш ва ISO 27001 – ахборот хавфсизлигига оид тамоман янги халқаро сертификатлар бўйича хизматларни йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ Глобал сифат инфратузилмаси индекси бўйича 185 та давлат ичида 39-ўринни эгаллаб турибди. Бугунги кунда эришилган халқаро тан олиш кўлами ва унинг натижалари ўзбек аккредитация соҳасининг ЖСТ билан интеграция жараёнига тайёрлигини англатади.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА