
Ўзбекистон боғдорчилик ва узумчилик ҳамда чорвачиликни ривожлантиришда Франция ва Германия, сабзавот экинлари ва картошкачилик ҳамда иссиқхона хўжалиги йўналишида Бельгия ва Голландия, аграр соҳа илм-фани ва илмий тадқиқотлар йўналишида эса Австрия, Венгрия каби Европа давлатлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришни режалаштирмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузуҳуров соҳада Европа тажрибасининг қўлланилиши хусусида ўз фикрларини билдирди.
— Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан аграр соҳага илм-фан ютуқлари ва илғор технологияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, мамлакатимиз иқлим ва тупроқ шароитига ҳар томонлама мос келувчи экинлар навларини яратиш устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалигини юқори билим ва салоҳиятга эга, малакали кадрлар билан таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Жамшид Абдузуҳуров. – Жумладан, 2022 йилда Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилди. Ушбу университет Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан таъсис этиладиган тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат иштирокчидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни пайтда университетда ақлли қишлоқ хўжалиги, агрономия, биотехнология, агроиқтисодиёт, агрологистика, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларида мутахассислар тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг ташкил этилиши ҳам бу борадаги ишларда туб бурилиш ясади. Ҳозир миллий марказ тизимидаги 12 илмий-тадқиқот институтида олиб борилаётган илмий изланишлар, эришилган ютуқлар бевосита қишлоқ хўжалигига жорий этилмоқда. Албатта, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш биринчи ўринда сифатли уруғларни яратишга боғлиқ. Шу боис, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ва Туркиянинг “Eastern Mediterranean Agricultural Research Institute” ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида ҳозирги кунда дуккакли ва мойли экинлар уруғчилигини ташкил этиш бўйича 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги халқаро грант лойиҳаси тайёрланмоқда.
Шунингдек, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида 4 та халқаро, шундан БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти –FAO билан ҳамкорликда 110 миллион сўмлик ва UNDPP нинг халқаро дастурлари доирасида жами 1,350 миллиард сўмлик 3 та инновацион лойиҳа молиялаштирилиб амалга оширилмоқда.
Алоҳида таъкидлашим лозимки, БМТнинг Тараққиёт дастури EU-AGRIN (UNDP) билан ҳамкорликда “Қуёш энергияси орқали томчилатиб суғориш тизимини қўллаб, органик помидор етиштириш ва қуритиш технологиясини жорий қилиш” лойиҳаси кейинги йилларда мамлакатимизда сезилаётган сув танқислиги шароитида деҳқончиликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 444,2 миллион сўмни ташкил этади.
БМТнинг Тараққиёт дастури EU-AGRIN (UNDP) билан ҳамкорликда “Иқлим шароитга мос ноанаънавий экинлардан бамия ва артишок турлари истиқболли навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш” йўналишидаги лойиҳа эса мамлакатимизда шу кунгача етиштирилмаган ноанъавий экинларни етиштиришни йўлга қўйиш, бунинг учун илмий тадқиқотлар олиб боришда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 447,0 миллион сўмни ташкил этади. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти томонидан ўтган 2024 йилнинг 1-чорагида 30 минг АҚШ доллари ва 431,9 миллион сўмлик жами 3 та халқаро грант лойиҳаси ўзлаштирилган. Шунингдек, Туркиянинг BATEM қишлоқ хўжалиги университети ва Въетнамнинг Въетнам мева-сабзавотчилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Албатта, Европа Иттифоқи давлатларида аграр соҳа яхши ривожланган. Шу боис Европа давлатлари билан аграр соҳада ҳамкорликни кучайтириш нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиё давлатлари учун бирдек манфаатли бўлиши шубҳасиз. Юқорида келтириб ўтганларимиз эса шу кунгача амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми холос. Келгусида боғдорчилик ва узумчилик ҳамда чорвачиликни ривожлантиришда Франция ва Германия, сабзавот экинлари ва картошкачилик ҳамда иссиқхона хўжалиги йўналишида Бельгия ва Голландия, аграр соҳа илм-фани ва илмий тадқиқотлар йўналишида Австрия, Венгрия каби Европа давлатлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш режалаштирилган. Бунинг учун эса соҳада етарлича имкониятлар бор.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.