Гиламчилик – ҳайвон жуни, ўсимлик ва сунъий толадан турли хилдаги гиламлар ишлаб чиқарувчи саноат тармоғи ҳисобланади. Ҳунармандликнинг бу йўналиши турли давлатларда ўзига хос шаклда ривожланиб келган. Саноат тармоғи сифатида эса XX асрда шаклланди, яъни айни даврга келиб гилам тўқийдиган махсус артеллар пайдо бўлди. Бу – гиламни қўлда тўқишдан аста-секин машинада тўқишга ўтилганини билдиради.
Ўзбекистонда 1978 йилда Хива гилам тўқиш комбинати ташкил этилиши билан гиламчилик маҳаллий саноатнинг муҳим тармоғига айланди.
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланиб бориши билан гиламчилик саноати корхоналарига Англия, Польша, Туркия, Германия ва бошқа давлатлар йирик фирмаларининг замонавий технологиялари ва асбоб-ускуналари келтириб ўрнатилди, шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этилди.
Шу ўринда савол туғилади: бугунги кунда Ўзбекистон қайси давлатларга энг кўп гиламлар етказиб бермоқда?
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2024 йилнинг январь-июль ойларида хорижга қиймати 13 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 4,3 миллион квадрат метр гилам экспорт қилган.
Жорий йилнинг январь-июль ойларида энг кўп гилам Озарбайжонга – 1 226,5 минг квадратметр, Қирғиз Республикасига – 1 108,6 минг квадратметр, Афғонистонга 807,3 минг квадратметр экспорт қилган.
Шунингдек, рўйхатда қайд этилишича, Россияга – 542,5 минг квадратметр, Қозоғистонга – 328,7 минг квадратметр ҳамда Тожикистонга 214,8 минг, Туркманистонга эса – 38,7 минг квадратметр гилам сотган.
Қувонарлиси, бугун ўзбек гиламлари АҚШга ҳам етиб борди, жумладан, жорий йил 14,5 минг квадратметр гилам экспорт қилинган ва бошқа давлатларга – 0,8 минг квадратметр.
Эслатиб ўтиш лозим, Бухоро, Шаҳрисабз, Ургут, Нурота, Булунғур ва бошқа шаҳарлардаги корхоналарда қўлда тўқилган гиламларда маҳаллий услуб ва бадиий усуллар сақланиб қолган.
ЎзА мухбири А.РУСТАМОВ тайёрлади.