Жорий йилнинг биринчи чорагида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ тасарруфидаги гидроэлектр станциялар томонидан 1 574 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда АОКАда ташкил этилган брифингда жамият бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев маълум қилди.
Унга кўра, бу кўрсаткич режадан 120 фоизга ортиқ бажарилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 211 миллион киловатт соат ёки 16 фоизга кўп энергия тармоққа етказиб берилган. 2025 йилда жамиятга қарашли энергия манбаларининг ишлаб чиқариш ҳажмини 10 фоизга ошириш вазифаси қўйилган.
Таъкидланганидек, биринчи чорак натижалари мазкур вазифалар изчил амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Шу давр мобайнида жамият томонидан давлат бюджетига 122 миллиард сўмга яқин тўловлар амалга оширилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 850,7 миллиард сўмга етказилиши режалаштирилган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариш бўйича I чоракда 198,2 миллиард сўмлик режа белгиланган бўлиб, амалий натижа 48,6 миллиард сўмни ташкил этди. Бу эса режага нисбатан 125 фоиз бажарилишини англатади. Импортни қисқартириш мақсадида саноат кооперацияси доирасида 31,2 миллиард сўмлик маҳсулот харид қилинди.
–Экологик барқарорлик ва “яшил” энергетикага қаратилган “Яшил макон” дастури доирасида ГЭС ва сув омборлари ҳудудида жами 14 минг 300 туп дарахт кўчати экиш белгиланган бўлса, шу кунга қадар 15 минг 863 туп экилиб, йиллик режа 110 фоизга бажарилди. 2025 йил гидроэнергетика соҳасида юксалиш йили сифатида қайд этилади. Негаки, жамият томонидан жами қуввати 222 МВтга тенг бўлган, йилига 1 миллиард киловатт соат энергия ишлаб чиқарадиган 38 та саноат лойиҳасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Улар орасида қиймати 405 миллион долларга тенг 198 МВтлик 10 та йирик лойиҳа, 20 МВтли шамол электр станцияси ва Марказий Осиёда ягона ҳисобланган 40 МВтгача қувватга эга гидроагрегатлар ишлаб чиқариш “миллий” лойиҳаси бор. Бундан ташқари, давлат инвестиция дастурига мувофиқ 15 та лойиҳа доирасида 248,8 миллион доллар ўзлаштирилиши кўзда тутилган, – деди Ф.Нуриллаев.
Шунингдек, тадбирда ўтган даврда Сурхондарё вилоятидаги Занг каналида 3 та, Аму-Занг каналида 1 та, Тўпаланг-Қоратоғ каналида эса 4 та, жами 8 та микроГЭС фойдаланишга топширилгани айтиб ўтилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА