Бугунги кунда энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни ишлаб чиқариш муҳитига тезда мослаштириш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, дуал таълим тизими назарий билим ва амалий кўникмаларни уйғунлаштириш йўлида энг самарали моделлардан бири ҳисобланади.
Яқинда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ҳамда Республика касбий кўникмалар маркази ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми бу йўналишдаги муҳим қадамдир.
Бу ҳақда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ бош директори Жамолиддин Ёқубов қуйидагиларни маълум қилди:
– Мазкур ташаббус ёшлар орасида энергетика ва энерготаъмир соҳасига қизиқишни ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни корхоналарнинг аниқ иш жараёнига тез мослаштиришга хизмат қилади. Дуал таълим тизими орқали таълим олувчилар назарий билимларни марказларда эгалласа, амалий кўникмаларни бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида қўллаш имконига эга бўлади.
Мазкур меморандумга кўра, энергетика тизимида меҳнат фаолиятини давом эттириш истагида бўлган таълим олувчилар соҳага оид назарий билимларни касбий кўникмалар марказларида, амалий жиҳатдан эса бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Касбий кўникмалар марказлари билан ҳамкорликда дуал таълим тизимини энерготаъмир соҳасига жорий этиш малакали кадрлар тайёрлашнинг энг истиқболли йўналишларидан биридир. Ушбу тизим ёш мутахассисларга келажакдаги иш жойида ҳақиқий ишлаб чиқариш тажрибасини орттириш, корхоналарга эса ўз ишига садоқатли, касбий жиҳатдан тайёр ходимларни танлаб олиш имконини яратади. Натижада энергетика соҳасидаги таъмирлаш ишларининг самарадорлиги ва сифати янада ошади.
Дуал таълим тизимининг жорий этилиши ёшларни ишлаб чиқариш муҳитига тез мослашиш, корхонанинг ўзига хос иш жараёнлари, техникаси ва корпоратив маданиятини чуқур ўзлаштиришда муҳим.
Шунингдек, таълим олувчилар малакали усталар (устоз-тренерлар) раҳбарлигида амалиёт ўтиш учун махсус жиҳозланган ўқув майдончаларида ҳақиқий таъмирлаш жараёнларида иштирок этади. Бу эса уларнинг назарий билимларини амалий кўникмаларга айлантириш имконини беради.
Ўз навбатида, корхонамиз ўқув дастурларини шакллантиришда фаол иштирок этади ва таълим мазмунининг энерготаъмир тизимига зарур бўлган амалий талаб ва стандартларга мос келишини таъминлайди. Талабаларнинг амалий кўникмалар кундаликлари ҳамда ўқув жараёнидаги ютуқлари марказ ва корхона мутахассислари томонидан мунтазам назорат қилинади.
Энг муҳими, бу каби имкониятлар келажакдаги иш жойида ҳақиқий тажриба орттириш ҳамда корхоналарга профессионал ва садоқатли кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА