Ҳар бир спорт турининг ўз ватани бор. Кореяда таэквондо, Японияда каратэ, Таиландда муай-тай, Россияда қўл жанги ва универсал жанг, АҚШда кикбоксинг, Хитойда у-шу ривожланган.
Ушбу спорт турларининг ҳар бири ўзига хос жанг санъати, техника ва анъаналарга эга бўлиб, улар бир-бирини такрорламайди. Бу йўналишларни ривожлантиришда ўз ватанида етишиб чиққан устоз ва мураббийларнинг хизмати катта.
Кўп асрлик тарихга эга халқимиз ҳаётида ҳам шарқ якка кураши ва жанг санъати муҳим ўрин тутади. Осиё ҳудудида жанг санъати қадим замонлардан ривожлангани археологик топилмалар орқали тасдиқланган. Хусусан, Ироқ ҳудудидан топилган 5 минг йиллик якка кураш тасвири туширилган ҳайкалча бу йўналишнинг илдизлари чуқур эканини кўрсатади. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳарбий юришлари ва қўшин тайёргарлигида ҳам жанг санъати алоҳида аҳамият касб этган.
Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур қўшинлари пиёда ва отлиқ аскарлардан иборат бўлиб, қилич, найза, ўқ-ёй, гурзи ва чўқмор каби қуроллар билан жиҳозланган. Шу билан бирга, жанг майдонларида қуролсиз ҳолда ҳам қўл ва оёқ зарбалари орқали рақибни енгиш маҳорати қўлланилган.
Ана шу бой тарихий мерос асосида ёш авлодни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ўзбек жанг санъати спорт тури яратилди.
Мазкур спорт турининг шаклланишида жонкуяр спортчи Пўлат Усмоновнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Ўзбек жанг санъати бешта асосий йўналишни қамраб олади. Мусобақавий йўналиш комплекс машқлар, беллашувлар (спарринг) ва кўргазмали чиқишлардан иборат. Соғломлаштириш йўналишида эса 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар енгил машқлар ва махсус гимнастика орқали шуғулланиши мумкин.
Қўл санъати йўналиши 3,5 мингдан ортиқ ҳимоя ва зарба усулларини ўз ичига олиб, тананинг нозик нуқталарига таъсир этиш техникасини қамраб олади. Темурийлар жанг усули йўналишида қилич, ханжар, таёқ ва найзалар билан машқлар бажарилиб, қўл ва оёқ зарбалари кучини оширишга эътибор қаратилади. Жанг кураши йўналиши эса рақибни кўтариб ташлаш, чалиш, букиш, чангалдан чиқиш ва жанговар зарбалар бериш каби усулларни ўз ичига олади.
2009 йилда ташкил этилган Ўзбек жанг санъати федерацияси ушбу спорт турини оммалаштириш, машғулотларни юқори савияда ташкил этиш, спортчиларнинг маҳорат ва тажрибасини ошириш ҳамда малакали мураббийлар тайёрлашга эътибор қаратмоқда. Айни пайтда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги тўгаракларда 40 мингга яқин ўғил-қиз ўзбек жанг санъати билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Ўзбек жанг санъати билан олти ёшдан бошлаб шуғулланиш мумкин. Дастлаб соғломлаштириш машғулотлари орқали бошланғич кўникмалар шакллантирилиб, кейин жанг санъати босқичма-босқич ўргатилади. Болалар мусобақаларга тизимли равишда тайёрлаб борилади.
[gallery-27523]
Кеча Чирчиқ шаҳридаги Жисмоний тарбия ва спорт университети манежида ўзбек жанг санъати мураббийлари учун семинар ташкил этилди. Барча ёш тоифалари ўртасида ўтказилиши режалаштирилган мамлакат чемпионати олдидан ўтаётган ўқув ва кўргазмали машғулотларда 500 нафарга яқин мураббий иштирок этмоқда.
Шунингдек, ўзбек жанг санъати аъзолари учун Ватанга садоқат, аждодлар меросига ҳурмат, ҳалол кураш, жасорат ва инсонпарварлик каби қадриятларни ўзида мужассам этган махсус қасамёд жорий этилган. Режалаштирилаётган мамлакат чемпионатида мураббийлар ҳам ушбу қасамёдни қабул қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gwGCXEuWHt0" title="O`zbek jang san’ati – milliy qadriyatlar maktabi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Камола Юсупова,
Муҳаммад Амин (фото),
Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА