ЎзА ўқувчилари эътиборига Тошкент давлат шарқшунослик университети Жанубий Осиё тиллари ва адабиёти олий мактаби профессори, филология фанлари номзоди Муҳайё Абдураҳмонова билан “Ўзбек-урду тилларининг мутаносиблиги” хусусида суҳбат тақдим этилади.

Урдушунос олима Муҳайё Абдураҳмонова Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек мамлакатимизда шарқшунослик соҳаси, жумладан урду тилини ривожлантириш йўлидаги беқиёс хизматлари учун  Покистон Ислом Республикаси ҳукумати томонидан “Тамға-и-имтиёз”  мукофоти билан тақдирланган.

–Муҳайёхон, сиз Ҳиндистондаги Жаҳон урду ассоциацияси томонидан ташкил этилган “Карнатака штатида урду – бугун ва эртага”, Ширпур шаҳридаги Санъат ва гуманитар фанлар қизлар коллежи томонидан уюштирилган “Урду ғазалнавислиги – истиқбол ва муаммолар”, Маратхвада Свами Рамананд университети ўтказган “Урду ғазали: кеча, бугун ва эртага” мавзуларидаги халқаро вебинарларда маърузаларингиз билан фаол иштирок этгансиз. Суҳбатимиз аввалида урду ва ўзбек тилларининг мутаносиблиги ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Покистонлик йирик тарихчи, археолог, Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудида кўп йил мобайнида археологик тадқиқот олиб борган таниқли олим марҳум Аҳмад Ҳасан Доний “Халқларимиз ўртасидаги илмий, маданий, маънавий алоқалар замирида бир томондан Буюк Ипак йўли, иккинчи томондан Самарқанд-у Бухоро каби қадимий илм-фан марказларидан борган олим-у фузало, айниқса тасаввуф аҳлининг ахлоқий-ирфоний, маънавий-маърифий ғоялари,қолаверса давлат арбоблари сарзаминимизда юртни идора қилишдаги ўрни боис икки халқ ўртасида юзага келган ҳамкорлик ришталарининг чуқур илдизлари ётади” деб ёзган эди. Устоз олимнинг фикрича, бир ярим минг йил аввал Кушон ҳукмдорлари Марказий ва Жанубий Осиё халқлари ўртасида ўрнатган маданий алоқалар Буюк ипак йўли орқали мустаҳкамланган. Биздан борган ҳукмдорлар, айниқса Бобур мирзонинг сиёсати мавжуд ришталарга янги қон берди. У қолдирган улкан мерос  самараси ўлароқ, муштарак маданият юзага келди.

Аввалроқ ислом дини Ҳиндистон ярим оролига кириб бориши билан икки ҳудуд ўртасидаги алоқаларнинг янги даври бошланган. Ўзаро таъсир янада кучайган. Ҳатто, Ипак йўли бошланишидан олдин ҳам бундай ришталар маҳкам бўлган. XVI асрдан бошлаб ҳинд савдогарлари, кўпинча синдҳий ва панжобликлар Туркистонда карвонсаройлар қура бошлаган. XIX аср ўрталарига келиб уларнинг сони 15 дан ошган. Бозор, гузар ва карвонсаройлардаги мулоқот натижасида истилочилар ва тузем аҳолининг тили, шу билан бирга турли маданият, урф-удум ва қарашлар бир-бирига таъсир кўрсатган. Бинобарин, кўп асрлик мана шу маданий-маънавий қадрият ва анъаналар, тарих уйғунлашуви энг аввало, тилда акс этган. Бу ҳодиса халқларимиз ўртасидаги тарихий, маданий, лисоний, диний яқинлигимизнинг бир инъикосидир. Марказий Осиёдан бу минтақага жуда кўп шоир-у адиблар, ҳунарманд-у олимлар, сўфийлар-у дин уламолари борган ва бу жараён тилларимизда ҳам ўз ифодасини топган.

–Урду тили атамаларида араб, форс элементлари ҳам мавжуд, шундайми?

–Ҳа, урду тилидаги кўплаб форсча сўзлар бевосита форсийдан эмас, балки туркий тил орқали кўчган. Албатта, баъзи сўзлар тўғридан-тўғри ўтган ва урду тили ривожида муҳим аҳамият касб этган.Фақат бу жараён, эҳтимол, Бобур Ҳиндистонга кетгандан кейин кучайган.

Ўзбек ва урду тиллари луғавий таркибида бир хиллик жуда кўп. Ўйлашимча, бундай сўзларнинг сони 5 000 дан кам эмас. Айтиш жоиз, муштарак сўзларнинг аксари бир хил маънога эга. Масалан, урдуча “ақл” сўзи айнан ўзбек тилидаги маънони беради. Латифа ҳар икки тилда ҳазил-мутойиба, акс – акс, инъикос, иззат – иззат-ҳурмат, васият – васият, вазн – вазн, асаб  – асаб, илм – илм, билим, ишқ – ишқ-муҳаббат, гардан – гардан, бўйи, гард – гард, ғубор, чанг маъносини англатади.

Яна бир гуруҳ сўзлар борки, маъноси яқин, фақат талаффузида фарқ бор. Бунда баъзи унлилар бошқача айтилади. Масалан, āшиқ – ошиқ, асмāн – осмон, илтимāс – илтимос, гунāҳ – гуноҳ, āҳу – оҳу, ижāзат – ижозат, āфтāб – офтоб, гумāн – гумон,  бийāбāн – биёбон, бепāйāн – бепоён, йāр – ёр, йāд – ёд, гирибāн – гирибон каби.

Разм солинса, урдуча сўзлардаги чўзиқ ва қисқа -а товушлари ўзбек тилидаги о товушига муқобил.

Учинчи гуруҳга шундай сўзлар оидки, маъноси урду тилида кенгроқ, ўзбек тилида эса торроқ, ёки аксинча бўлиши мумкин. Масалан, “яксāн” сўзи урдуда бир хил, мос, тенг маъносини беради, ўзбек тилида эса “барбод, йўқ қилинган” маъноларига эга. Ёки “хунāб” урдуча қон аралашган сув, қонли сув, ўзбек тилида безовта, нотинч, “серāб” – сувга тўла, лиммо-лим ва жуда кўп, мўл-кўл, “саранжом” – якун, натижа, бирор иш якунига етиши ва ишни тартиб-интизом билан, ораста бажариш мазмунида келади.

Ўзбек тилидаги “қош” сўзи инсон юзидаги аъзодан ташқари баъзи нарсаларнинг олд қисми ёки туртиб чиққан жойини ҳам англатади. Урду тилида эса қирқим, қисм, шунингдек карч, яъни қовун ёки тарвуз тилими, бўлагини билдиради.

“Фароғат” сўзи ўзбекчада осойишталик, тинчлик, роҳат маъносига эга, урдуда эса нажот, қутулиш, халос бўлиш, озод бўлиш, дегани.

Тўртинчи гуруҳга маъноси бир-биридан буткул фарқ қиладиган сўзлар киради. Масалан, “таклиф” ўзбек тилида чақириқни билдирса, урдуда оғриқ, муаммо, дард-у ғам, ранж, халақит бериш” каби маъноларга эга.

“Озода” ўзбек тилида тоза, саранжом, урдуда “бирор нимадан холи, қутулган".

“Дафтар” ўзбекчада ёзиш учун мўлжалланган қоғоз ашё, урду тилида идора, ишхона, қонун-қоида, ҳисоботга тўғри келади.

“Яқин” сўзи урдуда ишонч маъносини берса, ўзбек тилида узоқ эмасликни англатади.

Юқорида келтирилган мисоллар икки минтақа халқлари орасидаги кўп асрлик тарихий алоқалар натижаси ўлароқ юзага келган муштарак маданий-маънавий қадрият, анъана ва урф-одатларнинг икки тилда умумийлик касб этганига яққол далил.

Ишонч билан айта оламанки, келгусида икки минтақа, давлатларимиз ва миллатларимиз ўртасида барча соҳалардаги алоқалар бундан-да ривож топиб бораверади. Биз – тилшунос, таржимон ва олимлар ҳам яхши қўшничилик муносабатлари уйғун тараққий этиши йўлида бор куч-маҳоратимизни ишга соламиз.

ЎзА мухбири Муҳаррама Пирматова суҳбатлашди.

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва урду тилларидаги муштарак сўзлар