Марказий Осиё — Турон, Туркистоннинг бирлиги ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётган бугунги даврда ушбу ҳудуд зиёлиларининг бирдамлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Негаки, айнан улар ўртасидаги ҳар томонлама ва изчил ҳамкорлик халқларимизнинг жипслашуви учун мустаҳкам кўприк вазифасини бажаради. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг Ч. Валиханов номидаги Тарих ва этнология институти томонидан ташкил этилган Ўзбек ва қозоқ тарихчиларининг биринчи илмий йиғини минтақамиз илм-фан ҳаётида муҳим воқеа сифатида баҳоланади.

Йиғилганларни Тарих институти директори, академик Азамат Зиё тадбирни очиб берди ва Турон тарихи бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар аҳамияти, олинган илмий натижаларни халқимизга етказишда олимлар олдида турган масъулият ва бурч ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, умумий ўтмишни тизимли тадқиқ этиш, айниқса, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва уларни бирлаштириш зарурлигига алоҳида урғу берди.

Ч. Валиханов номидаги Тарих ва этнология институти директори, академик Зиябек Кабулдинов ҳам йиғин очилиш маросимида сўзга чиқиб, икки илмий муассаса ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма тадқиқотлар ва илмий нашрларни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, институтнинг 80 йиллик фаолияти, унинг Қозоғистон тарихшунослигидаги ўрни, илмий мактаблари ва халқаро лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Маърузалар бошланишидан олдин Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Ч. Валиханов номидаги Тарих ва этнология институти директори, академик Зиябек Кабулдиновга “Фахрий профессор” унвонини топширди.
Йиғин доирасида бир қатор илмий маърузалар тингланди. Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов Туркистон Мухторияти ва “Алаш Ўрда”нинг миллий давлатчиликни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритди. Институт бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исоқова эса XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатларининг тарихий моҳиятини ёритди.

Ч. Валиханов номидаги Тарих ва этнология институти бош илмий ходими, тарих фанлари номзоди, доцент Айжамал Қудайбергенова қозоқ ва ўзбек халқларининг умумий тарихи ҳамда этномаданий ривожланиш жараёнларидаги ўхшашлик ва чегаравий алоқалар аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шу институтнинг тарихшунослик, манбашунослик ва замонавий усуллар бўлими бошлиғи, тарих фанлари номзоди, доцент Айнагул Қайипбаева эса архив ҳужжатлари асосида XX асрдаги инқироз ва уруш йилларида Ўзбекистонга келган қаровсиз болалар тақдири ҳақида маъруза қилди.
Йиғин якунида қўшма илмий тўпламлар чоп этиш, ёш тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш ва илмий йиғинларни мунтазам ўтказиш бўйича тавсиялар билдирилди.
Тадбир тарихчи олимлар ва жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. У ўзбек ва қозоқ халқларининг умумий тарихини биргаликда ўрганишда янги босқични бошлаб берди ҳамда қардошликнинг илмий асосларини янада мустаҳкамлади.
Н. Усмонова, ЎзА