
Шу кунларда Андижоннинг тўқсондан ортиқ маҳалласида юртимиздаги тинчлик, меҳр-оқибат, миллатлараро дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этувчи тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ўтказилаётган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар андижонликлар қалбига кўтаринкилик, хуш ва байрамона кайфият улашмоқда.
Хўжаобод туманининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Қорабулоқ маҳалласида ҳам “Ватан ягонадир, Ватан биттадир” деб номланган маданий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда тумандаги меҳнат жамоалари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган ўзбек, қирғиз ва бошқа турли миллат вакиллари иштирок этди. Тадбир ҳайит байрами билан ҳамоҳанг халқимиз жипслигининг, миллатлараро дўстлик ва аҳилликнинг ҳақиқий намойиши бўлди.
– Юртимиз тинчлиги, осуда ҳаётимизга кўз тегмасин, – дейди “Қорабулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Зуҳрахон Хўжаматова. – Маҳалламиздаги 800 дан ортиқ оилада 2 минг 500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Фуқароларимизнинг асосий қисмини қирғиз миллати вакиллари ташкил этади.
Миллатидан қатъий назар маҳалладошларимиз бир оила вакиллари бўлиб, аҳил, иноқ, ҳамжиҳатликда яшаб келади.
[gallery-22583]
Дарҳақиқат, маҳалла аҳолисининг ҳамжиҳатлиги туфайли ўтган йили опен бюджет дастурида маҳалланинг Равнақ, Насим, Тараннум ва Маориф кўчаларини асфальтлаш лойиҳаси ғолиб бўлди. Натижада маҳалланинг барча кўчалари тўлиқ асфальтланди. Жорий йилда ўтказилган танловда эса маҳаллада 160 ўринли мактаб қурилиши лойиҳаси ғолиб чиқди. Энди насиб этса, маҳаллада янги мактаб барпо этилади.
Асосийси маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш, муаммоларини бартараф этишга қаратилган ибратли ишлар олиб борилмоқда.
– Менинг миллатим қирғиз, – дейди маҳалланинг Тараннум кўчасида яшовчи Айнаш Тўхтаева. – Боқувчимиз йўқ, ногиронман, икки нафар фарзандим билан яшайман. Тикувчилик ҳунарим борлиги учун маҳалламизнинг хотин-қизлар фаоли кўмаги билан ўтган йили менга субсидия асосида тикув машиналари берилди.
Бугун тикувчилик билан шуғулланиб даромад оляпман, турмушдаги камларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиляпман.
Ўтган йили маҳаллада бирорта ҳам жиноятчилик, оилавий ажрим қайд этилмаганлиги, маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудудга айланганлиги ҳам маҳалладаги аҳилликнинг самарасидир. Шу ўринда таъкидлаш керакки, маҳалла гузари, кўчаларнинг кириш-чиқиш ҳудудларига видеокузатув камералари ўрнатилган.
– Ёшим тўқсондан ўтди, – дейди мазкур маҳаллада яшовчи Абдували ота Маматхалилов. – Бошимиздан кўп яхши-ёмон кунлар ўтган. Лекин ҳеч қачон маҳалладошлар орасида сен бошқа миллатсан, деган гап-сўз бўлмаган. Ҳар қандай қийинчиликни ҳамжиҳатликда енгганмиз. Илойим, мана шу аҳиллигимизга кўз тегмасин.
Қанча-қанча одамлар бугунги дориламон кунларни кўролмай ўтиб кетди. Бугун юртимиз обод, ҳаётимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин. Бу шу юртда яшаётган миллатидан қатъий назар ҳар бир инсоннинг нияти холислиги, меҳнатсеварлиги, уларнинг юртни обод қилишдек хайрли ишларга камарбасталиги шарофатидандир.
Халқ сайли тарзида ўтган дўстлик, қардошлик байрамида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, китоблар кўргазмалари ташкил этилди.
Андижон давлат техника институти ўқитувчи ва талабалари ташаббуси билан маҳалла ёшлари билан ҳамкорликда кураш, арқон тортиш, шахмат-шашка мусобақалари, “Оқ теракми, кўк терак” каби миллий ўйинлар, “Қувноқлар ва зукколар” баҳси ўтказилди. Ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди.
Маданий, кўнгилочар дастурлар, халқ ўйинлари, маърифий чиқишлар, самимий суҳбатлар шаклида ўтган тадбирда халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари ўртасидаги дўстона муносабатлар яна бир бор ўз аксини топди.
Карнай-сурнай садолари, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, иштирокчиларнинг ўйин-кулгилари билан ўтган байрам тадбирида қўйлар сўйилиб, дошқозонларда халқимизнинг шоҳ таоми – палов дамланди, сумалак тайёрланди. Бир дастурхон атрофига йиғилган каттаю кичик юртимизга тинчлик-тотувлик тилаб, дуолар қилди.
Бир сўз билан айтганда, турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Айниқса, асрлар давомида бир кўчада, бир ариқдан сув ичиб, юртимизнинг равнақи, порлоқ келажаги йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшаб келаётган, ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги дўстлик абадийдир.
Одамларга хурсандчилик, байрамона шукуҳ улашаётган бу каби тадбирлар вилоятдаги кўплаб маҳаллаларда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов, (сурат),
ЎзА мухбирлари