Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбек тили ва таълими муаммолари” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилди.
Мазкур анжуман ушбу олий таълим даргоҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бир қатор хорижий университетлар, «Science and Innovation» илмий журнали билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов ва бошқалар мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, уни ўқитиш соҳаларига инновацион технологияларни жорий этиш, халқаро миқёсда тарғиб ва ташвиқ этиш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланмоқда. Она тилимизни равнақ топтириш борасида кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистoн Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилда “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши соҳа равнақида янги истиқболларни очмоқда.
Бу ҳужжат ўзбек тилини ривoжлантириш бўйича қўшимча чoра-тадбирларни белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Қарoрга мувофиқ, ўзбек тилини қўллаш сoҳасини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган. Ўзбек тилини равнақ топтириш дастурлари: 2020-2030 йилларга мўлжалланган ўзбек тилини ривoжлантириш кoнцепциясини амалга oшириш бўйича қўшимча тадбирлар белгилаб берилган.
Конференцияда ўзбек тилининг назарий ва амалий масалаларини таҳлил этиш, хорижда ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитишнинг аҳамияти
ини ошириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, амалий ва компьютер лингвистикасида тилимизнинг қўлланилиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
– Бундан кўп йиллар муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши бу тилнинг халқаро миқёсда ҳам мақомини юксалтирди, – деди Анқара университети профессори Айнур Ўз Ўзжон. – 1991 йилда университетимизда замонавий ўзбек тили кафедраси очилди. Унга ўзбек тилини ўқитиш учун заҳматкаш олим Иристой Қўчқортоев ишга таклиф этилди. Ҳозирда мазкур бўлим бакалавриат, магистратура, докторантура соҳаларида ўзбек тилини ўқитишда етакчи ўрин эгалламоқда. У ерда ўзбек тили грамматикаси, семантикаси, халқ оғзаки ижоди каби йўналишларда пухта билим берилади. Кўплаб ёш тадқиқотчилар ўзбек тилига оид масалалар бўйича илмий диссертациялар ҳимоя қилдилар. Ўзбек адиб ва шоирларининг “Сайланма” асарлари тақдимоти, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг таваллуд санаси мунтазам ўтказилади. Бу каби анжуманлар ўзбек тилини хорижда ўқитиш бўйича янги истиқболларни муҳокама этиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Анжуманда ўзбек тили таълимига катта ҳисса қўшиб келаётган олима Муҳаббат Қурбонова таваллудига 60 йил тўлиши муносабати билан олима фаолияти хусусида атрофлича сўз юритилди.
Маълумотларга кўра, Муҳаббат Қурбонова 1965 йилнинг кузида Хоразмда зиёлилар оиласида туғилди. Унинг илк устози – отаси – адабиёт муаллими Матёқуб ҳожи Қутлимуродов бўлди. Бўлажак олима 1983 йилда ТошДУ – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирди. Университетни имтиёзли диплом билан битириб, илмий изланишларини давом эттирди.
Аспирантурада таҳсил олди. 1993 йилда профессор Карим Назаров раҳбарлигида “Фитратнинг тилшунослик мероси” мавзусидаги кандидатлик диссертациясини ёқлади. Муваффақиятли ҳимоядан сўнг “Ўзбек тилшунослиги” кафедрасида ўқитувчи лавозимида ишлай бошлади. 1998 йилда доцент илмий унвонига сазовор бўлди ва устози, филология фанлари доктори, профессор Раъно Сайфуллаева раҳбарлигида содда гапнинг формал функционал (зотий) талқини бўйича докторлик диссертацияси устида иш бошлади. 2001 йилда “Ўзбек тилшунослигида формалфункционал йўналиш ва содда гап қурилишининг талқини” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Профессор Муҳаббат Қурбонованинг илмий мақолалари республикамиздан ташқари хорижий давлатларда ҳам эълон қилинган.
Анжуманда ўзбек тилининг назарий ва амалий масалаларини таҳлил қилиш ва ўрганиш, тилшунослик соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари, ўзбек тилининг бошқа тиллар билан алоқаларини ўрганиш ва ривожлантириш, ўзбек тили тараққиёти масалаларини тадқиқ этиш, ўзбек тили таълими ва тадқиқотида Ўзбекистон Миллий университетининг ўрни каби мавзулар батафсил муҳокама этилди.
Н.Усмонова, ЎзА