2025 йил 20 октябрь куни “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унда ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор вазифалар ўз аксини топди.
Бу ҳужжат моҳияти ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек ЮСУПОВ ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори фақат бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиёти, миллат маънавияти ва давлат суверенитетини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегик ҳужжатдир.
Қарор орқали давлат тили – ўзбек тилининг қонуний мақоми янада мустаҳкамланди. Энди нафақат қонунда белгиланган, балки амалиётда ҳам давлат тилидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш талаб этилади. Бошқарув органларида маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилиши эса бу йўналишдаги масъулиятни институционал даражада таъминлайди.
Шунингдек, қарорда белгиланганидек, мактабгача таълимдан то олий таълимгача бўлган барча босқичларда ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш бу келажак авлодга миллатнинг маънавий меросини изчил етказишдир. Янги дарсликлар, қўлланмалар, “Менинг илк изоҳли луғатчам”, мультимедиа маҳсулотлар – болалар учун тилни ўргатишни янада осонлаштиради.
Президент қароридаги энг илғор йўналишлардан бири – ўзбек тилини сунъий интеллект воситалари орқали қўллаб-қувватлаш. Бу орқали ўзбек тили рақамли дунёда муносиб ўрин эгаллашини таъминлайди. Электрон луғатлар, атамалар реестри, AI-платформалар яратилиши тилнинг замонавий муҳитда яшовчанлигини кафолатлайди.
Қарорда хориждаги ватандошларимиз, миллий маданий марказлар ва чет эллик талабалар учун яратилаётган қулайликлар — тил орқали юрт билан боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу давлат тилини нафақат ички, балки халқаро миқёсда ҳам тарғиб қилишнинг муҳим йўлидир.
“Жонажон ўзбек тилим”, “Ўзбек тили – қалбим таржимони”, “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” каби танловлар орқали ижодкорлар, ўқитувчилар ва ёшлар тил ривожига амалий ҳисса қўшади. Бу – ижодий рақобат орқали миллий тилни ҳаётга татбиқ қилиш деганидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки миллий ўзлик, маънавият, ифтихор ва тараққиёт стратегиясидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА