Ҳиндистоннинг Ноида шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда ўзбек кино ижодкорлари томонидан ишланган икки анимацион фильм махсус совринни қўлга киритди.
“Astir Animation” студияси томонидан Абдулатиф Ҳайдаров раҳбарлигида яратилган “Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат” ва “Тўмарис” номли мультфильмларимиз “Award of Distinction” номинацияси бўйича тақдирланди.
Замонавий 3D-технологиясидан фойдаланиб ишланган ҳар икки картина нафақат томошабинлар, балки ҳайъат аъзоларида ҳам жиддий қизиқиш уйғотди.
“Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат” қадимий Хива ўтмишидан ҳикоя қилади, “Тўмарис” эса Марказий Осиё тарихида ёрқин из қолдирган афсонавий шахс ҳаётига бағишланган.
Халқаро ҳакамлар ва анимация мухлислари фильмларимизнинг бадиий ва техник даражасига юқори баҳо бериб, ўзига хослик, маданий аҳамият ҳамда визуал ижро нуқтаи назаридан, асарни алоҳида эътироф этдилар.
Таъкидлаш жоиз, “Astir Animation” ўзбек студияси аввал ҳам халқаро майдонда қатор муваффақиятларга эришган. Масалан, ўтган йил “Хасис баққол” мультфильми билан Калькутта шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро болалар кинофестивалида муваффақият қозонган эди.
Азиза Алимова, ЎзА