“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И.Ғуломов, вилоят ҳокими ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ш.Жўраев Афғонистоннинг Балх вилояти ташқи ишлар директори Ҳожжи Аминулло Содиқ бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириб, экспорт ва импорт ҳажмини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Жумладан, Афғонистондан мамлакатимизга гўшт маҳсулоти ва кўмир ёқилғисининг экспорти, Ўзбекистон томонидан дори-дармон, нефть маҳсулотлари ва цементни қўшни давлатга етказиб бериш механизмлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Балх вилояти ташқи ишлар директори Ҳожжи Аминулло Содиқ Афғонистонда Ўзбекистон бозориган кўмир ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш учун етарли имконият мавжудлигини қайд этди. Бу йўналишда тадбиркорлик субъектларининг ўзаро келишувларини йўлга қўйиш икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқнинг янада ривожланишига, товар айланиши ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Томонлар мавжуд логистика йўналишларидан самарали фойдаланиб, юкларни чегара пунктларидан тезкор ва сифатли ўтказиш, божхона расмийлаштируви жараёнларини соддалаштириш юзасидан ҳам таклиф ва тавсияларини билдирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА