Шу кунларда Хитойда ишчи ташриф билан бўлиб турган “Ўзатом” агентлиги делегацияси атом энергетикаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳасининг асосий техник ҳамда ташкилий жиҳатларини муҳокама қилишга қаратилган бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.
Ташриф доирасида “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев бошчилигидаги делегация Хитой миллий ядро корпорацияси (CNNC) таркибидаги хорижий лойиҳаларга масъул CNOS офисида уч томонлама учрашувда иштирок этди. Унда “Ўзатом” агентлиги, Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ҳамда Хитойнинг “Shanghai Electric” компанияси вакиллари иштирок этди.
Музокаралар давомида “Shanghai Electric” компаниясининг турбина жиҳозлари ишлаб чиқариш салоҳияти, ушбу жиҳозларни Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси талабларига мослаштириш имкониятлари кўриб чиқилди. Томонлар, шунингдек, АЭСнинг ядровий бўлмаган ороли учун зарур жиҳозларни ишлаб чиқиш, уларни етказиб бериш ва техник хусусиятлари бўйича атрофлича фикр алмашди.
Учрашув якунида Хитой томони “Ўзатом”, “Росатом” ва CNNC ўртасида уч томонлама шартнома имзолаш ташаббуси билан чиқди. Ушбу шартнома CNNCнинг Ўзбекистондаги АЭС қурилишидаги аниқ роли ва масъулиятини белгилашга хизмат қилади.
"Ўзатом" агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, “Shanghai Electric” компанияси атом ва иссиқлик электр станциялари учун турбина ҳамда энергетика жиҳозлари ишлаб чиқаради. У шу кунга қадар Хитойдаги 37 та ва Покистондаги 2 та АЭС учун ядровий бўлмаган орол жиҳозларини етказиб берган. Компания ишлаб чиқарадиган турбогенераторлар қуввати 50 МВтдан 1240 МВтгача етади.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида халқаро ҳамкорлар билан лойиҳани амалга оширишда илғор технологияларни жалб этиш, ишончли жиҳоз етказиб берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА