Жаҳондаги тезкор геосиёсий ўзгаришлар ва иқтисодий глобаллашув шароитида минтақавий ҳамкорлик, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ каби стратегик жойлашувга эга ҳудудлар ҳамкорлигини чуқурлаштириш, Европа билан барқарор ва кўп қиррали муносабатни йўлга қўйиш умумий тараққиёт сари муҳим қадам ҳисобланади.
Айнан шундай глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар муҳокамасига бағишланган “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражали учрашув пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Низомий Ганжавий халқаро маркази ҳамкорлигида ташкил этилгани мазкур тадбирнинг сиёсий-иқтисодий аҳамияти, илмий-амалий нуфузини янада оширади.
Эътиборли жиҳати, анжуманда турли минтақалардан 30 нафарга яқин собиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Кун тартибида Евросиё мамлакатлари стратегик мулоқотини илгари суриш мақсадини кўзлаган ҳамкорликнинг кўп қиррали йўналишлари қамраб олинган.
[gallery-24813]
Форум очилишида даставвал давлатимиз раҳбарининг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирди.
– Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари, ушбу икки йирик минтақанинг Европа билан ҳамкорлик истиқболлари бугунги анжуманнинг бош мавзуси этиб белгилангани ғоят муҳим, деб ҳисоблаймиз, – дейилган қутлов матнида. Шунингдек, мурожаатда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитида минтақамиз ва Евроиттифоқ мамлакатлари ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилингани алоҳида таъкидланган.
Хорижий меҳмонлар мазкур табрик анжуман ишига конструктив ва ишчан руҳ бахш этгани, белгиланган кун тартибидаги долзарб масалалар чуқур муҳокама қилинишига туртки берганини эътироф этишди.
Анжуман аввалида Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ ҳамраиси Исмоил Серагельдин, Сербия собиқ Президенти Борис Тадич, БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси раиси, 2017-2018 йилларда Эквадорнинг собиқ ташқи ишлар ва мудофаа вазири лавозимларда ишлаган Мария Фернанда Эспиноза сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги интилишларига юқори баҳо берди.
Бундан ташқари, юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистоннинг IT стартапларни қўллаб-қувватлаш, молиявий технологиялар ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳаларига ихтисослашган халқаро рейтинглардаги юқори натижаларини эътироф этдилар. Шу нуқтаи назардан, илғор рақамли ечимлар ва илмий ишланмаларни амалга оширишда кооперацияни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Сунъий интеллектни жорий қилиш минтақа давлатлари учун нафақат барқарор ўсиш ва инновацион ривожланиш, балки глобал рақобатбардошликни ошириш имконини ҳам бериши кўрсатиб ўтилди.
Мунозаралар давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон – Европа муносабатлари сифат жиҳатидан янги, юқори босқичга кўтарилгани ва ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича аниқ амалий мазмун билан бойиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ўрта йўлакдаги иштирокига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу табиий равишда Марказий Осиё, Кавказ ва Европа ўртасидаги транспорт-коммуникация ўзаро боғлиқлигини янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, иштирокчилар иқлим ўзгариши муаммоси сув ресурслари, энергетика хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалаларни юзага чиқариб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи учун асосий таҳдидардан бирига айланаётгани хусусида фикр билдирдилар.
Айни шароитда икки минтақа ўртасида мулоқотни кенгайтириш, илғор тажриба, технология ва инвестиция алмашинувини кучайтириш талаб қилинади. Тадбир қатнашчилари келгусида айни йўналишда шерикликни чуқурлаштириш иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарларни бирқарор ривожланиш ва умумий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган трансминтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларга айлантиришини якдил маъқулладилар.
Форум давом этяпти.
Ўткир Алимов, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари