“Ўзагросуғурта” АЖ вакиллари АҚШнинг Бостон шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли "Risk Live Boston 2025" халқаро конференциясида иштирок этди. Мазкур тадбир молиявий барқарорлик ва хатарларни бошқариш соҳасидаги 200 дан ортиқ етакчи мутахассисларни, жумладан JP Morgan Chase, BlackRock, Deutsche Bank, Mizuho каби дунё молия гигантлари вакилларини бир жойга жамлади.
Ташриф давомида компания вакиллари "A.M. Best" агентлиги билан учрашув ўтказди. "A.M. Best" – 1899 йилда АҚШда ташкил этилган, суғурта соҳасида фаолият юритувчи энг қадимий ва нуфузли халқаро рейтинг агентлиги ҳисобланади. Ушбу агентлик суғурта ва қайта суғурта компанияларининг молиявий барқарорлиги ҳамда кредитга лаёқатлилигини баҳолашга ихтисослашган бўлиб, унинг рейтинглари бутун дунё бўйлаб инвесторлар ва тартибга солувчи органлар учун асосий ишонч мезони сифатида хизмат қилади.
Учрашув давомида “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан халқаро рейтинг олиш бўйича босқичма-босқич режалар, компаниянинг молиявий барқарорлик кўрсаткичлари, хавфларни бошқариш тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлиги муҳокама қилинди. Шунингдек, АҚШ, Европа ва Осиё суғурта бозорларига оид таҳлилий маълумотлар билан ўзаро алмашинув масалалари юзасидан келишувга эришилди.
"A.M. Best" билан учрашув “Ўзагросуғурта” АЖнинг глобал молия бозорларига интеграциялашуви ва халқаро имижини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлди.