Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 2021 йилдан бошлаб ёзувчи-шоирларнинг уй-музейлари, улар туғилиб вояга етган қишлоқ, маҳаллалар, адибларимиз номидаги ижод мактабларига пресс-тур ташкил этишни режа қилган.
Илк манзил Ўзбекистон халқ ёзувчиси, академик Ойбекнинг уй-музейи бўлди.
Тошкентнинг «Ишчилар шаҳарчаси», деб аталган даҳаларидан бирида илм-фан ва маданият аҳли учун табаррук саналган ушбу даргоҳда 1940 йилдан 1968 йилга, яъни ҳаётининг сўнгги дақиқаларига қадар ўзбекнинг буюк адиби ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилган.
10 январь – Ойбек таваллудининг 116 йиллиги муносабати билан бу ерга ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлиб, ёзувчи хотирланди. Асарларидан иқтибослар келтирилиб, шеърларидан намуналар ўқилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, академик Наим Каримов ва бошқалар Ойбек ҳаёти ва ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Адиб шахси ўзбек адабиётида ҳалоллик тимсолига айланиб улгургани эътироф этилди.
[gallery-745]
Уй қад кўтарган машаққатли йилларда ҳали ҳамма иморатлар қурилиб, йўллар аниқ қиёфа касб этмаган эди. Шу туфайли кўча «Проектная» – «Лойиҳа» кўчаси, деб аталган. Ҳозир шу кўчага «Ифтихор-1” номи берилган. Агар шу кўча бўйлаб уч-тўрт дақиқа юрсангиз, 26-уй келади. Катта дарвозанинг сўл тарафидаги деворга буюк ўзбек адиби Ойбекнинг 1940-1968 йилларда шу уйда истиқомат қилганлиги ҳақида лавҳа осилган.
– Ойбек уй-музейи адиб таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 1985 йилда барпо этилган, –деди Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид. – Мана қарийб 35 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бу ер адабиётшунослар, ёш тадқиқотчилар учун зиё маскани бўлиб келмоқда. Ойбек катта ёзувчи, сўзни, адабиётни тушунадиган йирик шахс эди. Шунинг учун адабиёт оламида қолдирган ҳар бир асарига қайта-қайта мурожаат қилган қаламкаш янада ижодни яхшироқ тушуна бошлайди.
Пресс-тур иштирокчилари Ойбек уй-музейи, ёзувчининг қўлёзма, китоб, сурат, фойдаланган буюмлари билан яқиндан танишди.
Музей фондлари ойбекшуносликнинг кўргазмали тарихи – Ойбек ҳақидаги текстологик ва комментаторлик билимлар тўплами бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу ҳол уй-музейнинг илмий кутубхонасида, айниқса, яққол кўзга ташланади. Ойбек адабий меросини ўрганиш ишини янги босқичга кўтариш мақсадида ойбекшунос олимлар ва ёш адабиётшуносларнинг адиб архивида ишлаши учун ҳамма шароит яратилган.
Д.Маматова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА