Инсонпарварлик – улуғ фазилат. Меҳрибонлик, ўзгаларга яхшилик қилиш юрак ишидир. Бежиз “Яхшиликдан эк дарахт, мева берар ҳамма вақт”, дейишмаган. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алишер Джуманазаров ҳам ана шундай ақидаларга амал қилиб яшайди.
Депутат туманда тажрибали тадбиркор сифатида танилган. Унинг эл-юрт равнақи, туман ва қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил қилиш, ижтимоий кўмак, бандлик ва тадбиркорликка энди кириб келаётган ёш тадбиркорларга амалий ва моддий ёрдам кўрсатиш борасида амалга ошириб келаётган хайрли ишлари барчани мамнун этмоқда.
У фидоий, халқпарвар, саховатпеша тадбиркор бўлиш билан бирга, депутат сифатида ҳам аҳоли ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Унинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан Нукус туманининг “Саманбай”, “Улгили макан”, “Ақманғит”, “Дийхан арна” ҳамда “Тақиркўл” маҳаллалари кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Халқ вакилининг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли “Улгили макан” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли учун бир қатор қулайликлар яратилди.

Депутат кўмагида 19-сонли умумтаълим мактаби ҳовлисини суғориш учун артизан қудуғи қазиб берилди. Ташландиқ ва қаровсиз ётган бир гектарга яқин майдонни кўкаламзорлаштириш учун ниҳол кўчатларини экиш ишлари олиб борилди. “Бессаға” овулида 500 га яқин хонадонда яшовчи фуқароларнинг кун давомида манзилларига ўз вақтида етиб боришида муаммолар борлиги сабабли, янги автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу эса қишлоқ аҳолиси, айниқса, 4-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун катта қулайлик яратилди.
– Халқимизда “Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиш керак” деган ҳикматли нақл бор. Хайрли ишлар қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш – инсоннинг энг олий фазилатларидан бири саналади. Шундай экан, биз қандай мансабда бўлмайлик, атрофдагиларга имкони борича кўмаклашишга ҳаракат қилишимиз керак, – дейди депутат Алишер Джуманазаров.
Халқ вакили мана шундай хайрияга яна бир бор қўл урди. Унинг ташаббуси билан Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 534 та хонадоннинг уй олди томорқа ерларига эндиликда сув етиб борди. Депутатнинг мазкур маҳаллада ўтказган сайловчилар билан учрашувида “Қаттағар” овули аҳолиси уй олди томорқа ерларини суғориш учун қишлоқ ҳудудидан ўтувчи “Қаттағар” каналига ўрнатилган эски сув насоси тез-тез ишдан чиқиши натижасида хонадонларнинг уй олди томорқа ерларига сув етиб келишида муаммолар пайдо бўлаётганлиги сабабли, халқ вакилидан каналга янги сув насосини қуриб беришга амалий ёрдам сўраган эди.

Мурожаат кўриб чиқилиб, ижобий ҳал етилди. Депутат ўз ҳомийлиги ҳисобидан эски сув насоси ўрнига, кам электр энергияси сарфлайдиган, сув чиқариш қуввати юқори, диаметри 350 мм бўлган замонавий сув насосини қўшимча барча ускуналари билан бирга ўрнатиб берди. Шу муносабат билан, маҳалла аҳли ва нуронийлар депутатга ўз миннатдорлигини билдирди.

– Саховат кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. ЎзЛиДеПдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган депутат А.Джуманазаровнинг маҳалла аҳлига кўрсатаётган беминнат ёрдамидан чексиз миннатдормиз, – дейди “Саманбай” овул фуқаролар йиғини раиси Нийетбай Умаров. – Ҳиммати баланд депутатнинг меҳрибонлиги, саховатпешалигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. У киши бош-қош бўлиб, овулимизга замонавий янги сув насосини қуриб берди. Инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганимиздан фахрланамиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.