Марказий банк 2025 йил учун нақд пул муомаласи шарҳини эълон қилди.
Унга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда умумий пул тушумлари (нақд пул ва терминал тушумлари) 1 075 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 28 фоизга кўпдир.
Банкларга тушумлар таркибида терминаллар (шу жумладан, мобил иловалар) орқали амалга оширилган тўловлар улуши 2024 йилдаги 40 фоиздан 2025 йилда 43 фоизгача ошган. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида эса терминал тушумлари улуши 44 фоиздан 48 фоизга етган.
2025 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси 1 250 триллион сўмни ташкил этди. Шундан 615 триллион сўм — нақд пул тушумлари, 635 триллион сўм — берилган нақд пуллар ҳиссасига тўғри келади.
Банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилга нисбатан 114 триллион сўмга ёки 23 фоизга ошди. Жумладан, банк хизматлари (омонатлар, кредитлар қайтарилиши, хорижий валютани сотиш) бўйича тушумлар 60 триллион сўмга, савдо тушумлари 25 триллион сўмга, пуллик хизматлардан тушумлар 16 триллион сўмга кўпайган.
Ўтган йилда банк кассалари ва банкоматлар орқали берилган нақд пуллар ҳажми 2024 йилга нисбатан 125 триллион сўмга ёки 25 фоизга ошди. Бу, асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 54 триллион сўмга, аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун берилган маблағлар 27 триллион сўмга, омонат ҳисобварақларидан нақд пул ечиш 18 триллион сўмга ошгани билан изоҳланади.
2025 йилда банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳажми 2024 йилга нисбатан 1,4 баробарга кўпайган. Бу аҳоли даромадларининг ўсиши билан боғланмоқда. Ҳисобот даврида банк карталари орқали 279 триллион сўм маблағ нақдлаштириб олинган.
Банкларга тушган ва чиқим қилинган нақд пуллар ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пул чиқариш орқали қоплаб борилди.
Хусусан, 2025 йилда муомалага қўшимча 16,8 триллион сўм нақд пул чиқарилди. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 18,1 фоизни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 фоиз бандга камайган.
Ш.Маматуропова, ЎзА