Бугун Остона шаҳрида Хитой Халқ Республикаси ва минтақанинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Марказий Осиё – Хитой” халқаро медиа форуми иш бошлади. Хитойнинг нуфузли нашрларидан бири сифатида тан олинган “Жэньминь жибао” ва Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплекси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғинда сиёсий идоралар вакиллари, дипломатлар, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, шунингдек медиа экспертлар ва ноширлардан иборат 200 га яқин делегат қатнашмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида мезбон давлат раҳбарининг ички сиёсат ва коммуникация бўйича ёрдамчиси Арман Кирикбаев Қосим-Жомарт Тоқаевнинг медиа-форум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, йиғин аввалида Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси ташвиқот бўлими мудири ўринбосари Ху Хэпин, Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплекси Бош директори Раушан Кажибаева, “Жэньминь жибао” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Фан Цзяншань ва бошқалар қутлов сўзи билан чиқиш қилди.


Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ОАВ ҳамкорлигининг янги имкониятларини муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва тез ўзгариб бораётган медиа маконда қўшма ташаббусларни илгари суришдан иборат. Муҳокамалар даврасидан рақамли трансформация, ОАВга сунъий интеллектни жорий этиш, креатив индустрияни ривожлантириш, медиа саводхонликни ошириш, сохта янгиликларга қарши курашиш, шунингдек минтақавий ўзига хослик ва ахборот хавфсизлиги каби масалалар ўрин олди. Экспертлар фикрича, мазкур форум истиқболда Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ахборот ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, глобал муаммолар шароитида ОАВ шериклиги учун янги уфқлар очиш учун муҳим майдонга айланади.
Жаноб Фан Цзяншань ҳозир дунё мисли кўрилмаган ўзгаришларни бошдан кечираётганига эътибор қаратди:


– Бугунги глобаллашув даврида янги чақириқ ва имкониятларга дуч келяпмиз. Факт, соғлом фикр ва умумий билим муҳим аҳамият касб этаётган бир пайтда ёлғон хабар, нохолис фикрга қарши туришимиз, минтақада аниқ жамоатчилик фикрини сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Асосий манфаатимиз билан боғлиқ барча масалаларда бир-биримизни қатъий қўллаб-қувватлашимиз керак. Ахборот технологиялари ривожланиши ОАВ ишини ўзгартирмоқда. Шунинг учун ахборот агентликлари, телевидение, газета ва радио замонавий технология ютуқларидан фаол фойдаланиши керак.
Раушан Кажибаева хоним “Буюк Ипак йўли” жаҳон тартибидаги улкан ўзгаришларнинг нафақат гувоҳи, балки ҳаракатлантирувчи кучига айлангани, бугунги кунда Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган қуруқликдаги савдо йўли ғояси яна долзарб тус олаётганини таъкидлади:


– “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси нафақат инфратузилма ва иқтисод билан боғлиқ, балки инсониятнинг умумий тақдири ғоясига асосланган фалсафа ҳам. Биз ҳаммамиз “Буюк Ипак йўли”нинг меросхўрларимиз ва бугунги кунда маҳсулот эмас, балки ғоя, маъно ва ишонч занжири ҳақида сўз юритилаётгани рамзий маънога эга. Зеро, мамлакатлар ўртасидаги чинакам яқинлик инсоний тушунча ва қизиқишдан бошланади. Бу жараёнда ОАВнинг ўрни жуда муҳим.
Куннинг иккинчи ярмида давра суҳбати шаклида журналистлар иштирокида медиа мулоқот ташкил қилинди. “Ипак йўли садоси” номли кичик фильм намойиш этилди.

Ўткир Алимов, Абдуазиз Хидиров, ЎзА
Остона шаҳри, Қозоғистон