Мамлакатимиз бўйлаб “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Мустақилликнинг 34 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан Ички ишлар вазирлигида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирлик жамоаси, фахрийлар ҳамда вазирлик жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимиз осойишталиги, маҳаллаларимизнинг фаровонлиги, халқимиз хотиржамлиги ҳамда ҳар бир фуқаронинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишда шу юрт қалқониман дея хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.

Айниқса, мустақилликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка барҳам бериш йўлида жон фидо этган ходимларнинг, ўз умрини соҳа ривожига бахшида этган фахрийларнинг бу борада хизматлари катта эканлиги эътироф этилди.
Тадбир давомида жамоат тартибини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, юрт тинчлигини муҳофаза қилишда жасорат ва фидойилик кўрсатганиб меҳнат қилган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодировга I даражали “Шон-шараф” ордени, Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоиловга ҳамда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсуновга “Мардлик” ордени Президент томонидан тантанали равишда топширилгани алоҳида эътироф этилди.

Маросимда Давлат раҳбарининг фармонига асосан юксак мукофотларга сазовор бўлган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси инспектори Оксана Гордиенкога “Дўстлик” ордени, Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор вакили Собитжон Ёқубовга “Жасорат” медали, Бухоро вилояти Жондор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Абдуҳалил Носировга “Содиқ хизматлари учун” медали ҳамда Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси Чиноз тумани катта терговчиси Ўткир Наржигитовга “Шуҳрат” медали тантанали тарзда топширилди.
“Жасорат” медалига сазовор бўлган Фарғона вилояти патрул-пост хизмати инспектори Моҳигул Сиддиковага, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиблари – Самарқанд вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Асомиддин Зиятов, Қашқадарё вилояти эксперт-криминалистика маркази бош эксперти Шерали Муҳаммадиев, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Ажибай Сабировга ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби Наманган вилояти Учқўрғон тумани ички ишлар бўлими катта инспектори Музаффар Хайдаровга мукофотлари жойларда ҳукумат аъзолари томонидан топширилиши белгиланди.
Тадбирда хизмат фаолияти билан алоҳида намуна кўрсатаётган бир қатор ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан идоравий кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА