Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги Осиё кубогининг гуруҳ босқичи биринчи тур учрашувлари ўтказилмоқда. Куни кеча ушбу босқичнинг “А” гуруҳидаги учрашувлар ўз якунига етган бўлса, бугун, 4 апрель куни “B” ва “C”, эртага “D” гуруҳида илк тур ўйинлари бўлиб ўтади.
“А” гуруҳида Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйинда Таиланд термасини 4:1 ҳисобида таслим этди. Мусобақа мезбони бўлган Саудия Арабистони эса Хитой билан ўтган учрашувда 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари 3 очко жамғарган ҳолда гуруҳ жадвалининг биринчи ҳамда иккинчи поғоналаридан жой олди. Жамоалар голлар нисбатига кўра ўринларга тақсимланди.

Энди ушбу гуруҳда иккинчи тур учрашувлари 6 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Хитой, Саудия Арабистони – Таиланд термалари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.
Чемпионат доирасида бугун “B” гуруҳида Австралия ва Вьетнам, БАА ҳамда Япония ўсмирлар терма жамоалари рақобатлашса, “C” гуруҳида Жанубий Корея – Индонезия, Афғонистон – Яман термалари ўзаро баҳслашади.
Эртага, 5 апрель куни “D” гуруҳида Ўмон – Тожикистон, Эрон – КХДР учрашувларидан сўнг мусобақанинг биринчи тури ўз якунига етади.

Маълумот ўрнида: Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичидан энг яхши натижа қайд этган 2 та терма жамоа чорак финалга йўл олади. 13-14 апрель кунлари ўтказиладиган ушбу босқичда “А” ва “B”, “C” ҳамда “D” гуруҳларидаги 1-2 ўринларни эгаллаган жамоалар рақобатлашади. Мусобақанинг ярим финал учрашувлари 17 апрель куни ташкил этилса, финал 20 апрелда ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА