Дилдора ўша куни росманасига йиғлади. Спорт залини тўлдириб ўтирган минглаб мухлислар кўз ўнгида йиғлади. Мухлислар эса уни олқишлаб туришди.
Ўтган йили Тошкент шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида аёллар ўртасидаги баҳсларда ғолиблар қаторида Дилдоранинг номи янграганида у биринчи марта йиғлаган эди. Жони оғриганидан эмас, уйда қолган икки нафар қизалоғига берган ваъдасининг устидан чиққанидан йиғлади. Дилдора Жўраева биринчи учқудуқлик боксчи аёл сифатида +80 кг вазн тоифасида кумуш медаль соҳибига айланганди.
Шимолий кон бошқармаси Техник назорат бўлими назоратчиси бўлиб ишлаётган Дилдора Жўраева олдин оғир атлетика бўйича мамлакат чемпиони эди. Бу галги ғалаба унинг боксдаги илк ғалабаси бўлди. Бу эса уни бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзосига айлантирди.

Кончилар оиласида катта бўлган Дилдоранинг болалиги Учқудуқдаги “Лочин” спорт соғломлаштириш мажмуасида ўтган. Дастлаб футболни танлаган қизалоқ бугун самбо, пауэрлифтинг ва бокс бўйича спорт усталигига номзод.
Аёл кишининг спортдаги карьераси кўпам узоққа чўзилмайди. Спортчи оналар бола парваришидан кейин вазн, вақт, рўзғор боис спортни эрта тарк этади. Дилдора ҳам келин бўлган пайтлари бироз спортдан узоқлашди. Бироқ турмушдаги баъзи қийинчиликларни енгиб ўтиши учун у яна спортга қайтди. Фикрни бир жойга жамлаб, оғир тошларни кўтаришга ўргатган пауэрлифтингдан ғазабни жиловлашга ўргатадиган бокс залига ўтди. Рақиблари доим эркаклар бўлди. Шуғулланишдан, ўрганишдан уялмади ва у спорт билан яна соғлом ҳаётга қайтди.
– Мен орзу билан ухлаб, мақсад билан уйғонаман, – дейди Ўзбекистон чемпиони Дилдора Жўраева. – Ҳар куни 9-10 километргача Учқудуқ бўйлаб югуриб “сайр” қиламан.
Спорт залга борадиган куни “Спорт залининг жадвали”га уч кишининг номи киритилади. Дилдора, унинг икки қизалоғи – Фарангиз ва Мадина. Оналарига ҳайрат билан қарайдиган қизалоқлар спортчилар қўллаётган усулларни бир пастда “ўзлаштириб” гоҳ умбалоқ ошади, гоҳ югуришади. Дилдора ва унинг сафдошларига бу ноқулайлик эмас, балки кайфият бағишлайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири