Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилган Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар самараси ва уларнинг якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондан GIZ вакиллари, шунингдек, халқаро ва миллий ҳамкорлар иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, лойиҳаларнинг асосий мақсади Оролбўйи минтақасининг экологик муаммоларини ҳал қилиш ва унинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган комплекс ёндашувдир. Бу тадбирлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Жумладан “Оролбўйи минтақасини экологик йўналтирилган минтақавий ривожлантириш (Eco-Aral)” лойиҳаси ер ресурсларини экологик тиклаш ва барқарор бошқаришга, табиий ресурсларни яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш учун табиатга йўналтирилган ечимларни илгари суришга қаратилди. Экологик реабилитацияни маҳаллий салоҳиятни ривожлантириш билан уйғунлаштирган ҳолда Eco Aral атроф-муҳит деградациясидан зарар кўрган жамоаларнинг яшаш шароитларини яхшилашга ҳисса қўшди.
“Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида барқарор иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш” лойиҳаси эса янги иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлайди ҳамда қишлоқ хўжалиги, туризм, ҳунармандчилик ишлаб чиқариши ва ахборот технологияларида (IТ) иш ўринлари ва даромадларни яратишга синовдан ўтган ва инновацион ёндашувларни кенгайтиради. Лойиҳа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, маркетинг, сертификатлаш ва экспортни рағбатлантиришда янги технологиялар ва тузилмаларни жорий этишга кўмаклашади.
Иккала лойиҳа ҳам экологик барқарорликни иқтисодий ривожланиш билан боғлайдиган комплекс ёндашувни қўллайди. Ушбу ёндашув маҳаллий аҳолининг ўз иқтисодий келажагини шакллантиришда фаол иштирок этишини таъминлайди, шу билан бирга уларнинг узоқ муддатли истиқболда яшаш учун маблағларини кафолатлайди. Бу яхлит модель ижтимоий инклюзив ва экологик масъулиятли бўлган иқтисодий ўсишга кўмаклашади, атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштиради ва жамоалар барқарорлигини мустаҳкамлайди.
—Экология, атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги кузатилаётган муаммолар дунё мамлакатларининг аҳолисини ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш ва бошқа соҳаларда ҳам трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди, — дейди “Оролбўйи минтақасини экологик йўналтирилган минтақавий ривожлантириш (Eco-Aral)” лойиҳаси раҳбари Паул Шумахер.
[gallery-26156]
Тадбирнинг иккинчи куни делегация аъзолари Экология вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказига ташриф буюришиб, минтақани барқарор ривожлантириш, экотехнологиялар ва экотизимларни тиклаш бўйича лойиҳалар билан танишди.
Учрашув якуни Оролбўйи минтақасини қайта тиклаш ва яшил ташаббусларни илгари суриш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга томонларнинг тайёрлигини тасдиқлади.
Икки кунлик тадбир давомида амалга оширилган лойиҳалар якуни билан бир қаторда Орол денгизи минтақасининг барқарор ва экологик хавфсиз ривожланишини илгари суришда ҳамкорликнинг кейинги қадамлари ва истиқболли йўналишлари белгиланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА