Келгусида Япония ҳукуматининг “SATREPS” (Барқарор ривожланиш йўлидаги илмий тадқиқот ва технологик ҳамкорлик) дастури доирасида «Оролбўйи минтақасидаги ер майдонларининг шўрланишга қарши курашиш, унумдорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлигида ўтказилган «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш» масалаларига бағишланган Халқаро конференция маълум қилинди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда Япония ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган дастлабки ва энг йирик ташаббус ҳисобланмоқда.

Мазкур лойиҳанинг тадқиқот гуруҳи етакчиларидан бири Япониянинг Тоттори университети профессори Кристина Тодеричга лойиҳа юзасидан баъзи саволлар билан мурожаат қилдик.

– Ўзбекистон сиз учун бегона эмас. Шу ерда яшагансиз, илмий фаолиятингизни ҳам айнан Ўзбекистонда бошлагансиз...

– Ўзим Молдовада туғилганман, ўша ерда таълим олганман. Санкт-Петербургдаги Ботаника институти аспирантурасида таҳсил олаётганимда турмуш ўртоғим билан танишиб, Самарқанд вилоятига келиб яшаганмиз. Аввало бу ерда ўзбек тилини ўргандим. Ўзбекистонга, ўзбек хонадонига келин бўлганим менинг бахтимдир. Айнан шу оиланинг қўллаб-қувватлови билан илмий ишимни давом эттириб, аввал номзодлик, кейин докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга муваффақ бўлдим.

Дарҳақиқат, қурғоқчил иқлим шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўл экологияси ва сув ресурсларидан фойдаланишда деярли 35 йиллик тажрибага эгаман.

Агар янги технологиялар асосида, шўрланган ерларда ноанъанавий экинлар етиштиришга киришилса, шубҳасиз, бу чекка ҳудудларда озиқ овқат маҳсулотларини етиштириш орқали шу ерларда яшовчи аҳоли турмуш тарзини яхшилаш имкониятлари мавжуд. Бугун соҳадаги янги лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз.

2006-2019 йиллар давомида БМТнинг бешта Марказий Осиё ва Кавказолди давлатлари иштирок этган шўрланиш шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурида координатор бўлдим. 

Бу изланишлар республикамиз учун янги йўналишда, яъни Оролбўйининг табиий ресурсларини тиклаш ва сақлаш лойиҳаси устида ишлашимга туртки берди. Умуман олганда, мен нафақат табиий, балки маҳаллий аҳолининг қадимги аждодлари қолдирган маданий меросни асраб авайлаш тарафдориман ва бу эски анъаналардан ҳамда тажрибалардан кўп нарсаларни олишга ҳаракат қиламан.

– Келинг, мана шу амалга ошираётган лойиҳангиз ҳақида суҳбатлашсак.

– Табиатда галофит, яъни шўрланган ерларга мослашган ўсимликлар ўсади. Бизнинг концепциямиз мана шу ўсимликларни маданийлаштириш, улардан ҳосил олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатида фойдаланишдир. Айрим галофит ўсимликларини қайта ишлаб, улардан маҳаллий чорва ёки парранда учун ем олинса, айримларини, ҳатто, аҳоли рационига қўшиш масаласи устида ҳам бош қотириш вақти келди. Бу борада Исроил, АҚШ, Япония каби давлатларда тадқиқот ишлари бошлаб юборилган. 

Албатта, бу концепциямизга кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Аммо картошкани Америкадан олиб келиб, уни ўзимизда ҳам энг кўп истеъмол қилинадиган сабзавотга айлантирилгунча қанча вақт кетганини бир ўйлаб кўрайлик ёки пахта, ҳатто буғдой ва гуруч каби ўсимликларни маданийлаштиргунча ҳам одамзод минглаб йиллар давомида ҳаракат қилган. 

Худди шундай ҳозирда тиканак деб қаралаётган чўл ўсимликларини етиштириш, улардан ҳосил олиш ва кенг қўллаш келажак талаби. Узоқ қишлоқларда қийинчилик кўриб яшаётган аҳолига муқобил имкониятларни яратишимиз керак. Бунда ген муҳандислигининг ўрни беқиёс бўлади. Айнан ҳозир Орол ҳавзасида табиий ўсаётган ўсимликларнинг ген маълумотларини ишга солиш, шўрланиши юқори бўлган бошқа ҳудудларда ўсадиган ўсимликларни олиб келиб кўпайтириш устида тадқиқотлар олиб боряпмиз. Агар тажрибаларимиз ўзини оқласа, у кейинчалик кенг йўлга қўйилади. 

– Чўл шароитида ўсимликларни етиштириш қўшимча сув ресурсларини талаб қилади. Чўл зоналарида аграр соҳани ривожлантириш орқали яна табиатга зиён етказилмайдими?

– Галофит ўсимликларнинг ажойиб хусусияти шундан иборатки, улар айнан шўрланган ерларда ўсиб, ортиқча сув талаб қилмайди. Айрим ўсимликлар, аксинча, ўзига тузни тортиб олади, яъни тупроқни туздан халос этиш хусусиятига эга. Бундай ўсимликлар, албатта, озиқ-овқат сифатида ишлатишга ярамайди.Аммо улардан биоёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин. 

Чўл шароитида етиштириладиган киноа, амарант каби ўсимликларда оқсил моддаси кўп бўлгани боис, чорвачиликка сарфланадиган харажатлар иқтисод қилинади. Лекин уларнинг ҳам мавжуд навларини эмас, балки айнан Оролбўйи минтақасига мослаштирилган навларидан фойдаланилсагина, иқтисодий фойда ҳақида гапириш мумкин. Демак, ҳозирда қиладиган ишимиз шўрга чидамли ўсимликлар устида фундаментал тадқиқотларни олиб бориш, унинг натижаларини амалиётга татбиқ этишдир.

– Япония ҳукумати томонидан ажратилган грант ҳақида маълумот берсангиз.

– 2019 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарининг Японияга ташрифи бизнинг лойиҳамизга эътиборни орттирди. Ушбу дастурни яратиш устида қарийб уч йил ишладик.

У Япония Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда Япониянинг 11 та университети томонидан қўллаб-қувватланди. Бу жуда ҳам нуфузли грант дастури бўлиб, албатта, ривожланаётган мамлакатлар учун маълум устуворликлар берилади. Аммо Ўзбекистонга Японияда ривожланган мамлакат сифатида қаралмаслиги бу дастур бўйича грантни қўлга киритишда ривожланган мамлакатлар билан бир мақомда курашишимизга тўғри келди. Бу дастур турли соҳалардаги фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаши ҳам аҳамиятга молик.

Орол денгизи муаммоси узоқ вақтдан бери мавжуд, сўнгги йилларда миллий ва минтақавий чегаралар доирасидан чиқиб кетди. Чунки кўплаб континентал кўллар, дейлик Конго, Эрон, Италияда ҳам бу каби ҳолатлар такрорланиши хавфи мавжуд. БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қиларкан, Орол денгизи ҳавзаси муаммоларининг ечимини бошқа давлатлардаги шу каби муаммоларни ечишга жорий этиш имкониятини ҳам назарда тутади.

– Орол денгизи муаммосига қаратилган лойиҳаларнинг саноғига етиб бўлмайди. Сиз иштирок этаётган дастур из қолдирмайдиган лойиҳалардан бўлмаслигига кафолат борми?

– Сиз атаётган лойиҳаларнинг аксарияти донорлик дастурларидир. Донорлик дастурлари ҳам керак, аммо бундан лойиҳалар ўз мақсадлари билан келади ва шу мақсадга эришганидан кейин якун топади.

“SATREPS” эса беш йиллик йирик лойиҳа бўлиб, у фундаментал изланишлар, таълим, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, хусусий сектор манфаатларини бир-бирига боғлашга қаратилган. Япониялик олимлар бунда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамжиҳатликда ишлайди, олинган билимларнинг бари Ўзбекистонда қолади ва амалиётга жорий этилади. 

Бир сўз билан айтганда, икки давлат – Япония ва Ўзбекистон ўз илмий салоҳияти ва инсон капиталини ҳамкорликда ривожлантиради. Япониянинг 11 та энг етакчи университетлари олимлари ҳозирда шу лойиҳага ўз ҳиссаларини қўшишга бел боғлашган. Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам бу ишларга бош қош бўлади.

Ушбу лойиҳа иқлим ўзгаришини кузатиш марказини ташкил этишни, метеорологик мониторингни ўтказишни, шунингдек, Орол денгизи ҳудудида сув таъминоти чекланган шароитда маҳаллий жамоатчиликларнинг фаровонлик даражасини кўтариш ва ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида шўрланиш билан курашиш учун қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этишни кўзда тутади.

Лойиҳа Ўзбекистонда, хусусан, Қорақалпоғистонда шўрланиш даражаси юқори бўлган шароитларда метеорологик кузатувлар ва тўғридан-тўғри прогнозлаш билан бир қаторда инновацион қишлоқ хўжалиги техникаларини яратиш ва синовдан ўтказишга қаратилган. 

Ушбу лойиҳани амалга ошириш тўғридан-тўғри иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини топишга ва шўрланиш муаммолари ва дарёларнинг қуйи оқимларида сув ресурсларидан фойдаланиш имконияти мавжудлигини ҳал қилишга қаратилган.

Ўзбекистондаги тадқиқот гуруҳлари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Назокат Абдуқундузова суҳбатлашди

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйи минтақасидаги ер майдонларининг шўрланишига қарши қандай курашиш мумкин?