Бугунги кунда Касаба уюшмалари тизимидаги 30 дан ортиқ санаторий ва 100 дан зиёд болалар оромгоҳи ходимлар ва уларнинг фарзандлари саломатлигини тиклаб, ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилмоқда.
Улар қаторига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув куни очилиш маросими ўтказилган Бўзатов санаторияси ҳам қўшилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлари ва 2020 йил 8 октябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида” ги мажлис баённомасига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан Бўзатов туманида 2021 йилда санаторий қуриш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарлари томонидан санаториянинг тамал тоши 2023 йил 10 март куни қўйилганди. Айни пайтда одамлар саломатлигини тиклашга қаратилган мазкур санатория қад ростлади.
[gallery-25819]
Лойиҳага кўра, санатория 200 нафар дам олувчига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсата олади. Йилига эса 6 минг нафар фуқаро сув муолажалари, физиотерапия ва бошқа замонавий тиббий хизматлар орқали соғлигини тиклаш имконига эга.
Шунингдек, бу ерда 6 қаватли шинам ётоқхона, 2 қаватли даволаш маркази, замонавий ошхона ва маданий клуб, турк ҳаммоми, ёпиқ бассейн, шунингдек, оилавий коттежлар ва бошқа инфратузилмалар мавжуд. 12,5 гектар майдонни эгаллаб турган санаторийнинг 6,3 гектари мевали боғ, 4 гектарига эса манзарали ва чим дарахтлар экилган, қолаверса, қуёш панеллари орқали қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам йўлга қўйилган.
– Оролбўйининг энг чекка ҳудудида бундай шинам санаториянинг фойдаланишга топширилиши аҳоли, шу жумладан нуронийларимиз учун ажойиб туҳфа бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги учун Президентимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз, – дейди Бўзатов тумани “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Қудайберген Тилеўлиев.
Жами 124 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа 120 нафар мутахассис учун доимий иш ўрнини яратади. Бу эса ўз навбатида туман аҳолисининг турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.
Қурилиш ишлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, буюртмачи сифатида — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси капитал қурилиш бошқармаси томонидан амалга оширилди.
Қорақалпоғистонда мана шундай маҳобатли санаторий қурилиши – бу янги ҳаёт, янги нафас, янги имкониятлар демакдир. Зеро, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувдаги нутқида таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя бундан буён ҳам Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА