Жорий йил 28-31 май кунлари Туризм қўмитаси томонидан ҳар йил ўтказиладиган “Орол денгизига поезд” ёшлар экологик акцияси ташкил қилинмоқда.
Тадбир Оролбўйи минтақасида экологик муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш йўлида ёшларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.
Акция доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ва фаол ёшлар Оролбўйи ҳудудига саёҳат қилиб, бу ерда юзага келган экологик фалокат оқибатларини ўз кўзи билан кўради ва бу орқали экологик муаммоларга бефарқ бўлмасликка чақирилади.
Тадбир давомида ёшлар экологик семинарлар, ижтимоий лойиҳалар тақдимоти, кўчат экиш, экологик тозалаш ишлари каби фаолиятларда иштирок этади. Шунингдек, улар ҳудуд аҳолиси ҳаёти, қадимий тарихий ёдгорликлар билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Акция нафақат экологик муаммолар ҳақида хабардорликни оширади, балки ёшлар орасида экологик маданиятни шакллантириш, уларни атроф-муҳитни асрашга йўналтиришга хизмат қилади. Бу ташаббус орқали экологик масъулият ҳисси, ватанпарварлик ва ижтимоий фаоллик каби муҳим фазилатлар мустаҳкамланади.
Б.Худойбердиев, ЎзА