“Орол мактаби” иштирокчилари синф хонасидан чиқиб, Орол денгизи томон йўл олдилар. Ўзбекистондаги БМТ ТД экспертлари ҳамда Қораўзак давлат ўрмон хўжалиги ходимлари билан бирга улар дунёнинг энг мураккаб ландшафтларидан бири – Оролнинг қуриган тубига саксовул кўчати ва бошқа галофит ўсимлик турларини экдилар. Шу тариқа бир неча ой давом этган қўшма таълим жараёни амалиётга кўчди.
Дала ишлари Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда БМТ ТД ўртасида шаклланаётган институционал ҳамкорлик натижасидир. 2025 йил 5 апрель куни Нукус шаҳрида, Жамғарма раиси Гаяне Умерова ва БМТ ТДнинг мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фужии томонидан, илк Орол маданият саммити доирасида, БМТ ТД Бош котиби ёрдамчиси Ивана Живкович иштирокида имзоланган Англашув меморандуми мазкур шерикликка расман асос солган эди.
“Орол мактаби” одатда бир маконда камдан-кам учрашадиган йўналишлар – дизайн, экология, фан, маданият ва маҳаллий билимларни бирлаштиради, – дейди Г.Умерова. – Айнан шу кесишув нуқтасида янги ечимлар туғилади. БМТ ТД билан ҳамкорлик бизга ушбу тасаввурни дала шароитида, жамоалар билан,минтақада ва ташқарида тикланиш тушунчасини янгича талқин қиладиган ёш авлод билан ишлаш орқали бевосита амалиётга боғлаш имконини беради.

2026 йил январь ойидан буён Жамғарма, БМТ ТД ва “Орол мактаби” қўшма фаолиятнинг тизимли дастури асосида ҳамкорликни, менторлик сессиялари ва билим алмашув учрашувларидан тортиб, бугунги қуриган денгиз тубидаги дала ишларигача, босқичма-босқич ривожлантириб келмоқда Сўнгги ҳафталарда томонлар Орол бўйи учун муҳим йўналишлар – сув ресурсларини бошқариш, иқлимга мослашувчан қишлоқ хўжалиги, экология тизимини тиклаш ҳамда жамоалар барқарорлигини мустаҳкамлашда яқин ҳамкорлик қилдилар. Ниҳоят, умумий билим амалий майдонга кўчди.
– Орол бўйи минтақасини тиклаш фақат техник ечим билан чекланмайди, балки умумий мақсадга эга институтлар бирлигини тақозо этади: таълим, фан ва маданият экология тикланишидан айро эмас, шу жараённинг ажралмас қисмидир – дейди Акико Фужии. – БМТ ТД ва Жамғармани айнан шу қараш бирлаштиради. Ҳамкорлар бир маслак атрофида уйғунлашиб ҳаракат қилгандагина, ҳақиқий ўзгариш юз беради.
“Орол мактаби” тингловчилари, БМТ ТД Орол бўйи бўйича экспертлари ҳамда Қораўзак давлат ўрмон хўжалиги ходимлари қуриган денгиз тубида елкама-елка ишладилар. Ҳар бир томон умумий фаровонлик йўлида ўз тажриба ва билимини сафарбар этди. Маҳаллий жамоа дунёдаги энг оғир тикланиш ҳудудларидан бирида орттирган кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда, жараённи бошқариб борди. БМТ ТД инновацион экиш усуллари бўйича техник изоҳ ва методик ёндашув тақдим этди. “Орол мактаби” вакиллари эса умумий ишга қизиқувчанлик, янгича нигоҳ ва фанлар аро тафаккур билан ҳисса қўшдилар.

Биргаликда улар денгиз тубини барқарорлаштиришда асосий маҳаллий тур ҳисобланган саксовул ҳамда Оролқум чўли кескин шароитига мослашган бошқа галофит ўсимликлар кўчати ўтқаздилар. Ушбу ҳудуд тупроқ шўрланиши юқорилиги, −30°C дан +45°C гача ўзгариб турадиган ҳарорат, кам ёғин ва тўхтовсиз шўр чанг бўрони билан ажралиб туради.
Саксовул айнан шу муҳитга ноёб даражада мослашган. Етук буталаридан бири кўчиб юрувчи тўрт тоннагача қумни ушлаб қолади. Илдиз тизими 10-15 метр чуқурликкача кириб боради, бир гектар саксовулзор йилига 1 100 килограммдан ортиқ карбонат ангидрид (CО₂) ютади. Етти йиллик саксовулзорда ер юзасига яқин шамол тезлиги қарийб ноль даражагача камаяди. Натижада минтақадаги миллионлаб инсонлар саломатлигига таъсир кўрсатаётган заҳарли чанг бўрони сезиларли даражада чекланади. Давлат ўрмон хўжалигининг ерида етиштирилган кўчатлар маҳаллий шароитга тўлиқ мослашувни таъминлайди.
Экиш жараёни БМТ ТД томонидан 2020 йил 11 март куни бошланган “Яшил Орол денгизи” краудфандинг лойиҳасининг бир қисмидир. Ташаббускорлар 90 гектар майдонда 90 000 туп саксовул ва бошқа ўсимликлар экиб, дунёнинг энг мураккаб ландшафтларидан бирига яна ҳаёт нафасини бахш этмоқда.

Афсуски, Ўзбекистон ҳудудидаги қуриган денгиз туби 2,7 миллион гектарни ташкил этади. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта улуш. Олдинда турган вазифа кўлами бундай ташаббуслар нафақат муҳим, балки зарур эканини яққол кўрсатади.
“Орол мактаби” – Нукус шаҳрида фаолият юритаётган экологик таълим дастури бўлиб, биоминтақавий дизайнер Ян Буэлен раҳбарлигида йўлга қўйилган. Биринчи синов курси 2026 йил январь-июнь ойларига мўлжалланган.
Қораўзак давлат ўрмон хўжалиги бугунги кунда Орол денгизининг қуриган тубида саксовул ва галофит ўсимликларни экиш бўйича БМТ ТДнинг амалий ҳамкори ҳисобланади.
Ҳамкорлар ҳақида
БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистонда 30 йилдан буён фаолият юритиб, мамлакатнинг барқарор ривожланишини тўрт ўзаро боғлиқ йўналишда қўллаб-қувватлаб келмоқда: самарали бошқарув, инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсиш, атроф-муҳит ва иқлим бўйича ҳаракат ҳамда гендер тенглик. Қорақалпоғистонда БМТ ТД Орол бўйи минтақасининг энг долзарб муаммолари – экотизимни тиклаш, иқлимга мослашувчан қишлоқ хўжалиги, сув бошқаруви, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда хотин-қизлар ва ёшларнинг иқтисодий имкониятини кенгайтиришга қаратилган махсус лойиҳа офисига эга.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатимизнинг бебаҳо маданий мероси, санъати ва маданиятини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва жаҳон миқёсида тарғиб этишга хизмат қилади. Маданий тараққиётнинг олдинги сафида бораётган Жамғарма миллий маданий экотизимни мустаҳкамлаш, креатив иқтисодиётга туртки бериш ҳамда санъат ва маданият вакиллари учун маҳаллий, минтақавий ва глобал миқёсда янги имкониятлар яратиш мақсадини кўзлайди. Маданият ва мерос жамиятини шакллантириш, жамоаларни бирлаштириш, авлодлар ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш ҳамда турли маданиятлар ўртасида мулоқот кўприги барпо этишда муҳим ўрин эгаллашга қатъий ишонади.

Маданият, экология ва ижтимоий ривожланиш кесишмасида трансформацион ташаббуслар амалга ошираётган жамғарманинг флагман лойиҳалари қаторига “Орол мактаби” ва Орол маданият саммити ҳам киради.
Бугунги кунда Жамғарма 2026 йил 21 март куни очилиши режалаштирилган Тошкент Замонавий санъат марказини реставрация қилиш ва ривожлантириш ишига раҳбарлик қилмоқда. Ушбу маскан минтақа учун янги маданий марказга айланиши кутилмоқда. Шунингдек, машҳур меъмор Тадао Андо томонидан лойиҳалаштирилган, Тошкент шаҳри марказида қад ростлайдиган ва рамзий ҳамда меъморий тимсолга айланиши мўлжалланган Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши ҳам Жамғарма ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Жамғарма томонидан 2025 йил 5 сентябрь-23 ноябрь кунлари илк бор ташкил этилган Бухоро биенналеси шаҳар ҳаётида муҳим маданий воқеага айланди ва 1,5 миллиондан зиёд ташриф буюрувчини жалб этиб, Бухоронинг маҳаллий ҳамжамияти, рассомлари ва ҳунармандларини жаҳон билан боғлади. Шунингдек, жамоа ўтган йил 4-6 апрель кунлари илк Орол маданият саммитига асос солди. Мазкур тадбир глобал мутахассисларни минтақанинг экологик ва маданий тикланиши йўлида бирлаштирди. Навбатдаги шундай анжуман 2026 йил сентябрда бўлиб ўтади.
Маълумки, Самарқанд 2025 йил 30 октябрь-13 ноябрь оралиғида ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясига мезбонлик қилди. Бу ташкилот тарихидаги муҳим ва рамзий қарор бўлди. Бундан ташқари Жамғарма “Tashkent Modernism” номли узоқ муддатли тадқиқот лойиҳасини йўлга қўйиб, пойтахтнинг модернистик меъморчилик меросини ҳужжатлаштириш ва муҳофаза қилишга ҳисса қўшмоқда. Лойиҳа доирасида “Rizzoli New York” (2024 йил ноябрь) ва “Lars Müller Publishers” (2025 йил май) нашрлари билан ҳамкорликда долзарб мавзуда икки мақола чоп этилди.
Ҳозиргача Жамғарма Ўзбекистонда ва дунёнинг 17 мамлакатида ташкил этилган йирик кўргазмалар орқали 5 миллиондан кўп томошабинни қамраб олди. Париждаги Лувр ва Араб дунёси институти, Флоренциядаги Уффитси галереяси, Лондондаги Британия музейи ҳамда Пекиндаги Император саройи музейи каби нуфузли масканларда тақдим этилган лойиҳалар халқаро миқёсдаги муваффақиятли фаолиятдан далолат. Европа, Осиё ва Форс кўрфази минтақаларида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳамда 40 дан ортиқ халқаро музей ва маданият муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик орқали Жамғарма ўзбек овози ва ҳикояларини дунёнинг энг нуфузли маданий майдонларида янгратмоқда.
Азиза Алимова, ЎзА