Дунё бўйлаб кулга айланаётган майдонлар аҳолини ўз иссиқ жойини тарк этиб, бошқа хавфсиз ҳудудларга кўчишга мажбур қилмоқда. Бундай ҳодисаларга, одатда, табиий офат, дея таъриф берилади. Афсуски, бундай кулфатларнинг барчаси ҳам табиий эмас. Бинобарин, аксар ҳолларда Она табиатнинг “бўйнига илинаётган” айб инсоннинг ўзига тегишли.
Масалан, ўрмон ёнғинларини олайлик. Яқинда “Europa Press” ахборот агентлиги Испания ички ишлар вазирлигига таяниб, ўрмон ёнғинига қарши кураш доирасида, таъбир жоиз бўлса, “оловли қироллик”да 48 киши ҳибсга олингани, 134 фуқаро жорий йил 1 июндан буён айни жиноятда гумонланиб, сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар тарқатди.
– Испания Ички ишлар вазирлиги жорий йил ёзда содир бўлган ўрмон ёнғинларига алоқадорлик бўйича ҳибсга олинганлар 48, Фуқаролик гвардияси ва Миллий полиция томонидан тергов қилинаётган шахслар сонини эса 134 кишига етказди, – дейилган нашр эълон қилган ахборотда.
Таъкидланишича, фақат июнь ойи бошидан буён 36 одам қўлга олинган, 110 нафар гумонланувчига нисбатан тергов бошланган.
Полиция ҳам 12 инсонни вақтинча қамаган. Уларнинг 24 нафарига нисбатан айблов эълон қилинган.
Аввалроқ ушбу давлатда йил бошидан бери ўрмон ёнғини майдони рекорд даражага чиққани, жами 410 000 гектар замин юзаси аланга исканжасида қовжираётгани ҳақида маълум қилинганди. Бу рақам 2024 йилга нисбатан қарийб ўн баробар юқори.
С.Раҳимов, ЎзА