Барчамизга аёнки, бугун экологик вазият ёмонлашиб, биологик хилма-хилликка путур етмоқда, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида турлар сони камайиб бормоқда. Бундай таҳликали ҳолат табиат мувозанатининг бузилишига олиб келади.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг бўлган, атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда экологик вазият ва биологик ресурслар ҳолати жиддий таҳлика остида қолмоқда. Сўнгги йилларда ноқонуний дарахт кесиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларга, Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, лойиҳада экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилган. Хусусан, долзарб масала бўлган экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки шикаст етказиш сингари ҳуқуқбузарликларга қарши чораларни кучайтириш мақсад қилинган.

Ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш ва улардан фойдаланиш ва бундай ерларда ноқонуний бино-иншоотлар ва иморатларни қуриш ҳамда аҳоли пунктлари ва шаҳар марказларида олдиндан мавжуд бўлган ариқлар, ирригация тизимларини ўзбошимчалик билан кўмиб ташлаш каби ҳуқуқбузарлик турлари бўйича жавобгарлик кучайтирилади.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳаси партия мақсадлари билан муштарак эканини таъкидлаб, белгиланаётган нормалар экологик вазиятни янада яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза этишга хизмат қилишини билдирдилар.
Қизғин муҳокама, таклиф ва тавсиялардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА