Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламларини, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ўқув масканларида турли тўгараклар ташкил этилиб, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Айни пайтда ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида ўқувчилар учун эзгу ташаббус – “Тил имкониятга айлансин!” ижтимоий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида болалар инглиз тили курсларида таҳсил олмоқда. Мазкур дарслар орқали болалар нафақат чет тилини ўрганмоқда, балки дунё билан эркин мулоқот қилиш, келажак касбини танлаш сари дадил қадам ташламоқда.
– Мазкур мактаб интернатида дарс бераман. Дарс бериш жараёнида аудио китоблар ва бошқа китоблардан фойдаланиб, ўқувчиларга тилни аниқ, содда ва тез ўрганишига ёрдам бериб келяпмиз, – дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Ҳаётжон Исмоилов. – Ўтган йили май ойида тил сертификати синовида 6 та ўқувчимиз топшириб, 4 нафари махсус сертификатларга эга бўлди. 2025 йилда эса “Тил имкониятга айлансин!” деган лойиҳани бошладик. Тил билиш сертификатини олиш, ўқувчиларга инглиз тилини яхшироқ ўргатиш учун давлатимиз томонидан 70,5 миллион сўм маблағ ажратилди. Лойиҳа доирасида 15 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улардан ўқув йили охирларида бўладиган имтиҳонларда камида Б-2 натижани кутяпмиз. Бундан ташқари, 2-3 нафар ўқувчимиз тил бўйича халқаро сертификат олиш учун тайёрланмоқда
[gallery-25897]
Таъкидлаш керакки, ўтган йили илк бор “Нурли маскан” мактаб-интернатининг 4 нафар битирувчи ёшлари инглиз тилидан Б-1 ва Б-2 миллий сертификатини қўлга киритди.
Шунингдек, таълим даргоҳида ўқувчилар учун 10 га яқин касб ва ҳунарларни ўзлаштиришлари учун тўгараклар йўлга қўйилган. Бу эса болаларнинг мустақил ҳаётга тайёрланишига, ўз қизиқишларига кўра касб эгаллашларига хизмат қилмоқда.
– Бу ерда дарс бериш баробарида ўқувчиларни касб-ҳунарга ҳам йўналтирамиз, – деди мактаб-интернати ўқитувчиси Фарида Қўчқорова. – Бизга 6 та тикиш машинкалари берилган. Қизларимиз енгил тикишларни, чойшабларни тикади. Бундан ташқари, тўқувчилик тўгараги бор. Унда қизларимиз тўқиган маҳсулотларини сотишни ўрганади. Бу қизларимизни кейинги ҳаётларида оиласини моддий таъминлашга ҳам тайёр бўлишига ёрдам беради. Бу ерда қизларимиз фақат тўқувчилик эмас, балки пазандачилик тўгарагига ҳам қатнашади.
Бугунги кунда мактабда адаптив спорт йўналишларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Болалар соғлом турмуш тарзини шакллантириш билан бирга, спорт майдонларида ҳам ўзини синаб кўрмоқда. Бу эса бир қатор мусобақаларда ўз натижасини беряпти. Ўқувчилар юртимизда ташкил этилаётган мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда.
– Ҳозирда “Нурли маскан” мактаб интернатининг 11-синфида таҳсил оляпман, – дейди Холмурод Холбоев. – Мен мунтазам равишда голбол спорт тури билан шуғулланиб келяпман. Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, 3-ўринни қўлга киритдик. Бу спорт тури чаққонлик ва хавфсизлиги билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради. Мактабимизда фақат голбол эмас, балки пара дзюдо, пара енгил атлетика спорт турлари бўйича ҳам тўгараклар мавжуд бўлиб, ўқувчиларимиз қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Келгусида биз нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон спорт ареналарида фахрли ўринларни эгаллаб, юртимиз байроғини баланд кўтаришни ният қилиб қўйганмиз.
Бугунги кунда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш баркамол авлодни тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Навоий вилоятидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўндан ортиқ йўналишларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Кармана туманидаги 25-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида эса юқори синф ўқувчилари тол новдаларидан турли буюмлар тўқиш ва ратан маҳсулотларидан стол-стуллар ясаш сирларини ўрганмоқда.
– Бу тўгарак орқали болаларга ўзларининг имкониятига мос ҳолда ҳаётда керак бўладиган, кам харажатли, уйда ўсиб турган новдалардан турли буюмлар ясашни ўргатмоқдаман, – дейди тўгарак раҳбари Жаҳонгир Эргашев. – Ҳозир биз тўгаракда саватлар тўқияпмиз. Яқинда стол-стул тўқишни йўлга қўйдик. Улар ушбу эгаллаган ҳунари орқали уйда бемалол мустақил равишда ўз бизнесларини бошлаши мумкин. Ўргангандан кейин ҳеч қандай қийинчилиги йўқ, осон, бозори чаққон. Мактабимизда бу тўгаракка асосан юқори синф ўқувчилари қатнашмоқда.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳа “Кармана Алфа газ инвест” МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу нафақат болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантиради, балки уларни мустақил ҳаётга тайёрлайди. Энг муҳими, бу лойиҳа ўқувчилар мактабни битиргач, даромадли касб эгаси бўлишига ва ижтимоийлашувига кўмаклашади.
– Мен 8-синфда ўқийман, – дейди Мақсуд Раҳматуллаев. – Ҳозирда сават тўқиш тўгарагига қатнашяпман. Бу иш менга ёқади. Тўгаракда сават тўқишни, стол-стул тўқишни ўргандим. Келажакда спортчи бўлмоқчиман. Бўш вақтимда тўқиш ишлари билан шуғулланаман.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Навоий вилоятидаги 3 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида 67 та тўгарак фаолият юритиб, уларга 631 нафар ўқувчи жалб этилган. Бу эса уларнинг таълим олишлари билан бирга турли касб эгалари бўлиб етишишларида муҳим ўрин тутади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pvj6xL6tE1Y" title="O‘quvchilar kasb-hunar o‘rganmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА